Қувайтнинг янги амири маълум бўлди: мамлакатда 40 кун мотам

Қувайтнинг янги амири маълум бўлди: мамлакатда 40 кун мотам

Амир Сабаҳ IV вафотидан сўнг валиаҳд шаҳзода Наваф ал Аҳмад ал Жобир ас Сабаҳ Қувайтнинг янги амири этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири Анас Холид ал Салоҳ баёнотига таяниб «РИА Новости» хабар берди.

Давлат вазирининг таъкидлашича, вазирлар маҳкамаси конституциянинг 4-моддасига мувофиқ валиаҳд шаҳзода шайҳ Наваф ал Аҳмад ал Жобир ас Сабаҳни Қувайт давлатининг янги амири этиб тайинлади. Расмий идоралар фаолияти эса уч кунга тўхтатилди. Мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди.

Аввалроқ Қувайтнинг 91 ёшли амири Сабаҳ ал Аҳмад ал Жобир ас Сабаҳ АҚШда вафот этгани ҳақида хабар бергандик. Амир июль ойидан бери Миннесота штатидаги клиникада даволанаётганди.