Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғдаги жанглар бошланганидан буён кўрган йўқотишлари маълум қилинди

Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғдаги жанглар бошланганидан буён кўрган йўқотишлари маълум қилинди

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг ахборот маркази жанговар ҳаракатлар бошланган 27 сентябрдан 1 октябргача Озарбайжоннинг йўқотишлари ҳақида маълумот берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Маълум қилинишича, Озарбайжон Қуролли кучларининг 1280 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, 2700 нафар аскар яраланган. Озарбайжоннинг 90 та учувчисиз учиш қурилмаси, 12 та вертолёти, 181 танк ва ҳарбий пиёда машинаси, учта «ТОС» оғир ўқотар тизими, иккита «Смеч» тизими, тўртта самолёти йўқ қилинган.

Аввалроқ Арманистон ҳукумати Озарбайжоннинг икки самолёти уриб туширилганини маълум қилганди.

30 сентябрь куни Озарбайжон Қорабоғда Арманистоннинг икки мингдан ортиқ аскари ўлдирилгани ва яраланганини маълум қилганди. Ереван эса бу Бокунинг бир кунлик йўқотишлари деб жавоб қайтарган.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ҳарбий низо 27 сентябрь куни қайтадан бошланди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини иғвогарона хатти-ҳаракатлар ва вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда. Можаро кескинлашгани туфайли ҳар иккала мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинган.