Озарбайжон vs Aрманистон. Ҳарбий жиҳатдан ким кучли? Урушда кимнинг ғолиб бўлиш имконияти юқори?

Озарбайжон vs Aрманистон. Ҳарбий жиҳатдан ким кучли? Урушда кимнинг ғолиб бўлиш имконияти юқори?

10 октябрь куни соат 12:00 дан Тоғли Қорабоғ ҳудудида ўт очиш тўхтатилиши лозим эди. Озарбойжон ҳамда Арманистон ташқи ишлар вазирлари Москвада ўтказган музокаралар якунида ана шундай битим имзоланган эди. Аммо ҳар икки томон ҳозирданоқ бир-бирини келишувни бузишда айбламоқда. Таҳлилчилар оташкесим тартиби муваққат ва мўрт экани, ҳарбий тўқнашувлар яна кучайишидан хавотир билдирмоқда. 

Чорак асрлик танаффусдан кейин Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасида 27 сентябрь куни авж олган урушни кимдир айрича ҳадик, кимдир шунчаки қизиқиш ила кузатмоқда. Ҳарбий зиддият икки мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини синовдан ўтказаётгани ҳам айни ҳақиқат. Хўш, ҳарбий жиҳатдан қай бир мамлакат кучли? Урушда кимнинг қўли баланд келиш эҳтимоли юқори? Очиқ манбалар асосида икки мамлакат мудофаа салоҳиятини муқояса этиб кўрамиз.

Фото:«AP»

Global Firepower таҳлил маркази тузган дунёнинг кучли армиялари рейтингида Озарбойжон 64-, Арманистон эса 111-ўринда қайд этилган. Рейтингни тузишда 55 хил кўрсаткич, жумладан, аскарлар, танк, самолёт, кема ва бошқа ҳарбий техникалар сони, мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағ миқдори ҳисобга олинган.

Global Firepower марказига кўра, Озарбойжоннинг йиллик ҳарбий бюджети 2,8 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакатнинг умумий ҳарбий хизматчилари сони – 426 минг нафар (бундан 126 минги – фаол шахсий таркиб). Бу ўринда Озарбойжон аҳолиси 10 млн, Арманистон нуфуси эса 3 млн эканини қайд этиш жоиз.

Озарбойжон ҳарбий-ҳаво кучлари 147 та техникадан таркиб топган.  Танклар 570, ҳарбий-денгиз техникаси 31 тани ташкил этади.  

Global Firepower маркази кузатувларига кўра, Арманистоннинг йиллик ҳарбий бюджети 1,3 миллиард долларга етади. Умумий ҳарбий хизматчилар сони 245 минг киши (бундан 45 минг нафари фаол шахсий таркиб). Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари 64 техникани тасарруф этади. Танклар сони – 110 дона. Ҳарбий-денгиз техникаси мавжуд эмас. 

BBC ҳисоб-китобига кўра, 2016 йилда Озарбойжон 314 тадан 750 тагача танк, 1100 тадан 1500 тагача бронемашина, 240 тадан 469 тагача оғир артиллерия тизимига эга бўлган. Арманистон эса 100 тадан 166 тагача танк, 140 тадан 636 тагача бронемашина, 150 тадан 240 тагача оғир артиллерия тизимига истифода қилган.

Фото:«Getty Images»

Изоҳ ўрнида айтиш жоиз: турли таҳлил марказлари тақдим этаётган рақамларда тавофут бўлиши табиий. Зеро, мамлакатларнинг мудофаа салоҳиятига доир аксар маълумотлар давлат сири сифатида қўриқланади. 

Марказий разведка бошқармаси Озарбойжон 2014 йилда ҳарбий соҳа учун ЯИМнинг 5,1 фоизи, Арманистон эса 4,29 фоизи миқдорида маблағ сарфлаганини маълум қилган.

Арманистон ҳам қўшни мамлакатда ортда қолмаслик учун мудофаа соҳасига кўпроқ маблағ ажратаётгани айтилади. Стокҳольм тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро институтига (SIPRI) кўра, расмий Ереван 2014-2019 йилларда ҳарбий импортни 3,5 баробарга оширган.

Озарбойжон ҳарбий техникани асосан Россия, Украина, Исроил, Туркия, Беларусь каби мамлакатлардан сотиб олади. БМТ рўйхатига кўра, расмий Боку 2006-2011 йилларда Украинадан 27 тагача МиГ-29 қирувчи самолёти, Беларусдан 11 тагача Су-25 учоғини харид қилган.

Айни шу рўйхатга кўра, Озарбойжон 2016 йилда Украина, Беларусь ҳамда Россиядан 482 та танк сотиб олган.

Арманистон эса ҳарбий техникани асосан Россия, қисман Украина, Словакиядан харид қилган. БМТ рўйхатида расмий Ереван 2004 йилда Словакиядан 10 дона Су-25 учоғини харид қилгани қайд этилган.

Уруш ва жанговар ҳаракатлар қурол ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ғазнасига улкан даромад келтириши маълум. Низолашаётган ҳар икки мамлакатга қурол сотаётган асосий экспортёр бу – Россиядир.

Расмий маълумотларга кўра, Озарбойжон сўнгги йилларда Россиядан 5 миллиард доллар миқдорида қурол-аслаҳа сотиб олган. Аммо 2016 йилдан расмий Боку Россиядан қурол харидини кескин қисқартирди ва Исроилдан ҳарбий аслаҳа, хусусан, ракетага қарши мажмуа ҳамда учувчисиз парвоз қилувчи техника сотиб ола бошлади. Таҳлилчиларга кўра, айни пайтда Тоғли Қорабоғда давом этаётган ҳарбий зиддиятда Озарбойжон учувчисиз парвоз қилувчи техника воситасида ҳам устунликка эришмоқда. Арманистон раҳбарияти норозилик белгиси сифатида Исроилдаги элчисини Ереванга чақириб олгани ҳам шуни тасдиқлайди.

Фото:«Getty Images»

Арманистон Россиядан КХШТ аъзоси сифатида, таъбир жоиз бўлса, имтиёзли тартибда, арзонлаштирилган нархда қурол-аслаҳа олиш имконига эга. Қолаверса, Арманистонда Россия ҳарбий базаси мавжуд. Ереванни стратегик ҳамкор деб билган расмий Москва қурол олди-сотдиси бўйича кредитлар ҳам тақдим этади. Масалан, Арманистон Россиядан “Искандер-Э” ракема мажмуаси ҳамда Су-30СМ қирувчиларини сотиб олган.

Gazeta.ru таҳлилига кўра, икки мамлакатнинг бомбардимон ҳамда штурм қилувчи учоқлари нисбати қуйидагича:  Озарбойжонда 2 та Су-24, 16 та Су-25, 3 та Су-25УБ ва Италиянинг 10 та Aermacchi M-346 учоғи мавжуд; Арманистон эса 12 та Су-25 ва 2 та Су-25УБК учоғини истифода этади.

Ҳарбий вертолётлар сони бўйича ҳам Озарбойжон олдинда: 26 га 17. Ҳарбий-транспорт самолётлари борасида эса фарқ деярли йўқ: Озарбойжон битта Ан 12 ва учта Як-40 самолётини, Арманистон эса учта Ил-76 самолётини тасарруф этади.

Франция ҳам Кавказ қурол бозорига киришга уринган, инчунин, Озарбойжонга 2015-2016 йилларда қарийб 150 миллион евролик қурол сотган. Аммо Тоғли Қорабоғда зиддият кучайган бир пайтда жамоатчилик босими сабаб қурол олти-сотдиси савол остида қолмоқда.

“Аl-Monitor” нашрига кўра, айни пайтда устунлик Озарбойжон томонда. Ушбу мамлакат қуролли кучлари ҳужум ва илгарилама ҳаракат позициясида турибди. Аммо мураккаб жуғрофий жойлашув ва яқинлашиб келаётган қиш қаҳратони устунликни Арманистон томонига ўтишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қорабоғдаги зиддият 1988 йил феврль ойида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбойжон таркибидан чиқишини эълон қилгач бошланган. 1992-1994 йилларда давом этган уруш давомида Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 туман арман кучлари томонидан эгалланган, ҳудудда “Тоғли Қорабоғ республикаси” тузилгани эълон қилинган. Аммо ушбу тузилмани бирор давлат тан олмаган. Расмий Ереван ҳам “Тоғли Қорабоғ республикаси”ни расман тан олмаган, аммо республиканинг бюджети ва армияси Арманистон билан чамбарчас боғлиқ экани айтилади.

Фото: ТАСС

Франциянинг “L’Obs” журналига кўра, Тоғли Қорабоғ зиддиятининг тамал тоши бир аср аввал Иосиф Сталин томонидан қўйилган. Қайд этилишича, фитна уруғини қадаган шўро доҳийси ҳам озар, ҳам арманларни қопқонга туширишни кўзлаган. Ушбу можародан ҳозир ҳам ричаг сифатида фойдаланилмоқда...

Озарбойжон босиб олинган ҳудудларини қайтариб олиш учун чорак асрдан бери курашиб келади. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ҳам ҳудуд Озарбойжон юрисдикциясида, аммо амалда назорат расмий Ереванда.

Жанубий Кавказ бўйича эксперт Жошуа Кучерга кўра, тинч музокаралар йўли билан, дипломатик келишув воситасида ўз ҳудудини қайтариб олишга кўзи етмай қолган Озарбойжон раҳбарияти урушга киришди. 

С.Салим