Арманистон ва Озарбайжон яна сулҳ ҳақида келишиб олди

Арманистон ва Озарбайжон яна сулҳ ҳақида келишиб олди

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда 18 октабр ярим тундан бошлаб инсонпарварлик сулҳини жорий этишга келишиб олди. Бу тўғрида иккала мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари баёнет билан чиқди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР) Ташқи ишлар вазирлиги сулҳ шартларини бажаришга тайёрлигини эълон қилди.

Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликлари бир хил баёнотларни эълон қилишди. Улар қарор Россия, Франция ва АҚШ президентларининг 1 октабрдаги баёноти ва ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраисларининг 5 октабрдаги баёнотига, шунингдек, 10 октябр куни Москвада эришилган келишувларга мувофиқ қабул қилинганлигини кўрсатмоқда.

10 октябрдаги сулҳ шартларига кўра, можаро иштирокчилари Халқаро Қизил Хоч мезонларига мувофиқ маҳбуслар ва ўликларнинг жасадларини алмашишлари, шунингдек, ЕХҲТ Минск гуруҳи воситачилигидаги мазмунли музокараларга ўтишлари керак эди. Шу билан бирга, музокара форматлари ўзгармади.

"Арцах Республикаси (Тоғли Қорабоғнинг арманча номи – Sof.uz) Москванинг 2020 йил 10 октябрдаги баёноти ва 17 октябрда эришилган келишувларга мувофиқ гуманитар сулҳ шартларига ўзаро асосда риоя қилишга тайёрлигини тасдиқлайди", - дейилади ТҚР ТИВ веб-сайтида.

Кеча Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайҳун Байрамов ва Зоҳраб Мнацаканян билан телефон орқали суҳбатда Россия, АҚШ ва Франция президентларининг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирган баёнотининг долзарблигини тасдиқлади.

Тоғли Қорабоғдаги можаро 27 сентябр куни авж олди. 10 октябрдаги сулҳ шу куни бузилган эди. Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини можарони авж олдиришда ҳам, сулҳ битимини бузишда ҳам айблашди.