Детектив романлар ёзувчиси Жон ле Карре вафот этди

Детектив романлар ёзувчиси Жон ле Карре вафот этди

Британиялик таниқли ёзувчи, қатор жосуслик романлари муаллифи Жон ле Карре 90 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Карренинг оиласи маълум қилишича, ёзувчи Корнуоллдаги шифохонада пневмониядан вафот этган.

Унинг агенти Жонни Гетлер Каррени инглиз адабиёти гиганти дея эътироф этди.

Жон ле Карре 1931 йилнинг 19 октябрида Англияда туғилган. 1950-йилларда Жон ле Карре Британия контрразведкаси — MI-5 билан ҳамкорлик қилган, кейин эса ташқи сиёсий разведка — MI-6 га ишга олинган.

Ёзувчилик фаолияти давомида 22 та роман чоп этган, бу асарлар 36 тилга таржима қилинган.

Британия детектив ва сиёсий романлар ассоциациясининг «Олтин ханжар», Америка детективлар жамиятининг «Эдгар» мукофотлари, шунингдек Гёте медалига сазовор бўлган.

«Жосус, жойингдан чиқ!», «Совуқдан келган жосус», «Рус уйи», «Энг хавфли одам» каби асарлари, айниқса, машҳур ва улар асосида фильмлар суратга олинган.