ФҚБ маълумот учун 50 минг доллар мукофот эълон қилди

ФҚБ маълумот учун 50 минг доллар мукофот эълон қилди

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) 6 январдаги тартибсизликлар пайтида Капитолий яқинидаги Американинг иккала партияси штаб-квартирасида бомба қўйганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлашга ёрдам берадиган маълумот учун 50 минг доллар мукофот эълон қилди. Бу ҳақда бюронинг расмий сайтида хабар берилган.

Хабарда айтилишича, маҳаллий вақт билан тахминан соат 13:00 ларда полицияга қўлбола бомба топилганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган. Портловчи мосламанинг биттаси Демократик партия, иккинчиси республикачилар штаб-квартирасида топилган. Федерал қидирув бюроси тарқатган плакатда кўчада қора халта кўтариб кетаётган тиббий ниқобдаги кимса тасвирланган. Воқеа тафсилотларини биладиган одамларга исмини ошкор этмаслик ваъда қилинган.

Иккала партиянинг штаб-квартирасини эвакуация қилиш тўғрисида 7 январь куни хабар берилган эди. «The New York Times» манбаларига кўра, шубҳали буюмлардан бири сапёрлар томонидан йўқ қилинган.

Сайлов натижаларига қарши чиқаётган президент Дональд Трамп тарафдорлари 6 январь куни Капитолий биносига бостириб кириб, Сенат залини қуршаб олишди. Сенат ва Вакиллар Палатасининг ўтган сайлов натижаларини тасдиқлаш режалаштирилаётган йиғилиши тўхтатилди. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, беш киши ўлдирилган.