Мальтага ташриф буюрган сайёҳларга мукофот пули тўланади

Мальтага ташриф буюрган сайёҳларга мукофот пули тўланади

Мальта ҳукумати ёз ойларида мамлакатга келиб, камида уч кун турган сайёҳларга 200 еврогача тўлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

9 апрель куни туризм вазири Клейтон Бартоло мамлакатда коронавирус билан боғлиқ кўплаб чекловларнинг 1 июнга келиб бекор қилиниши ва меҳмонхоналардан олдиндан банд қилувчи сайёҳларга бонуслар берилишини кўзда тутувчи режани тақдим этди.

Шундай қилиб, олдиндан жой банд қилган сайёҳлар беш юлдузли меҳмонхонада 200 евро, тўрт юлдузли меҳмоннхонада — 150 евро, уч юлдузли мехмонхонада — 100 евро миқдорида бонус олади. Агар сайёҳ Мальтадан уч километр шимолда жойлашган Гоцо оролидан бирор объектни турар жой сифатида танласа, бонуслар яна 10 фоизга оширилади.

«Бу тизим халқаро сайёҳликнинг тикланиб бориши билан Мальта меҳмонхоналарининг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган», — деб таъкидлади туризм вазири.

Маълумотларга кўра, туризм сектори бевосита ва билвосита орол давлати иқтисодиётининг 27 фоизини ташкил қилади, лекин пандемия сабабли соҳа фаолияти деярли тўхтаб қолди. 2019 йилда Мальтага 2,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 80 фоизга тушиб кетди.