Бразилияга қиш бир ой эрта келди

Бразилияга қиш бир ой эрта келди

Бразилия пойтахти Бразилиа шаҳри тарихида йилнинг бу пайти учун энг паст — Целсий бўйича 1,4 даража ҳаво ҳарорати кузатилди, деб хабар берди Phys.org.

Бразилияга қиш фасли киришига бир ойдан кўпроқ вақт бор.

Жанубий Бразилияда аномал совуқ ҳарорат кузатилаётгани ҳақида Inmet метеорология агентлиги хабар тарқатган.

Бразилия ва Лотин Америкасининг энг йирик шаҳри Сан-Паулуда 18 май, чоршанба тонгида термометрлар устуни 6,6°C даражани кўрсатди, бу 1990 йил май ойидан бери илк рекорд бўлди. Ҳароратни «ҳис қилиш» эса -4 °C га тенглашган.

Сан-Паулу мэрлиги шу ҳафта уйсизлар учун бошпаналардаги ўринлар сонини 2000 тага кўпайтирганидан сўнг жами ўринлар сони 17 мингтага етди. Бироқ шаҳарда уйсизлар сони 32 минг нафар атрофида — коронавирус пандемиясидан сўнг уларнинг сони қарийб 30 фоизга ошган.

Мамлакат жанубидаги Санта-Катарина штатида бир неча кун давомида ҳаво ҳарорати 2 °C дан паст бўлиб, қор ёғди.

«Метсул» метеорология агентлиги ходими Эстаэл Сиаснинг таъкидлашича, «ноодатий об-ҳаво»га Бразилия жануби ва Уругвайга ёпирилган Якекан циклони сабабчи бўлган.

Inmet агентлиги эса эрта совуқ тушиши ва қировли кунлар жаҳон озиқ-овқат бозори йирик таъминотчиларидан саналган Бразилиянинг қишлоқ хўжалигига зиён етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.