Россия армияси Украинадаги урушда тактикани ўзгартирди

Россия армияси Украинадаги урушда тактикани ўзгартирди

Россия армияси Украинадаги урушда ҳам аскар, ҳам қурол-яроғда катта йўқотишга дуч келмоқда. Бироқ бу навбатдаги зарбани бериш учун Россияга тактикани ўзгартиришга тўсқинлик қилмайди, дея хабар берди Украина қуролли кучлари бош штаби.

Янги тактикага кўра, Россия ҳарбийлари Бахмут, Запорожье, Авдеевский ва Лиман йўналишларида ҳужум қилишга уриниб кўради. Бироқ Украина армияси зарур ўқ-дорилар етказиб бериш логистикасини бузиш, ўқ-дори омборларига зарба бериш орқали Россия армиясининг олдинга силжишини олдини олмоқда.

Рус армияси Бахмутни эгаллашга эътибор қаратмоқда ва у ерда шиддатли жанглар кечмоқда. Бироқ бунга параллел равишда Россия армияси бошқа йўналишларда олдинга силжишга уринишни тўхтатмаяпти.

Украина қуролли кучларига кўра, Россия базаси ва техникасига аниқ зарбалар берилмоқда. Қарши томоннинг Херсон йўналишидаги асосий маркази бўлган Янги Каховкада доимий равишда ярадор руслар ташилмоқда.

Норвегия қуролли кучларига кўра, Украиндаги урушда 100 минг украиналик, 180 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлган ёки яраланган. Украина Қуролли кучлари Бош штаби 23 январь кунги ҳисоботида Россия босқинида 121 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. 2022 йил декабрда Украина президенти офиси уруш бошланганидан бери 10 мингдан 13 минггача украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилганди.