Қирғизистонда улкан кўчки содир бўлди (видео)

Қирғизистонда улкан кўчки содир бўлди (видео)

Қирғизистоннинг Норин областидаги Қора-Кече кўмир конида кўчки юз берди. Бу ҳақда мамлакат транспорт ва йўл вазирлиги хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, кўчки ҳажми 900 минг куб метрни ташкил этади. Жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, кўчки Дийкан - Қора-Кече автойўлининг 37-километрида содир бўлган. Тоғ жинслари Қора-Кече дарёси ўзанини тўсиб қўйган, электр узатиш линияларини ағдарган ва ушбу участкадаги йўл ҳам тўсилиб қолган.

«Ҳозирда тупроқ массаси Қора-Кече дарёсига тушмоқда. Кўчки оқибатларини бартараф қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда», - деган транспорт вазирлиги вакили Зарилбек Моношев.

Қора-Кече Қирғизистондаги энг йирик кўмир конларидан ҳисобланади. Бу ердаги кўмир захиралари 400 млн тонна деб баҳоланади.