Бишкеклик намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олди. Собиқ президент Атамбаев қамоқдан озод этилди. Нималар бўляпти Қирғизистонда?

Бишкеклик намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олди. Собиқ президент Атамбаев қамоқдан озод этилди. Нималар бўляпти Қирғизистонда?

 Қирғизистонда якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан норози аҳоли душанба куни Бишкекда норозилик намойиши ташкиллаштирган эди. 

Полиция бир неча маротаба намойишчиларни тарқатиб юбориш учун сув, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқини гранаталардан фойдаланди. 

Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги соат 20:00 дан бери давом этиб келаётган қарама-қаршилик парламент биноси ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйни эгаллаб олиш билан якунланди, деб хабар бермоқда 24.kg ва РИА Новости. 

Республиканинг қонун чиқарувчи органи таркибига кирмаган партиялар тарафдорлари юк машинаси билан дарвозани уриб, кейин тезда ичкарига киришди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, машиналар карвони бир неча дақиқа олдин парламент биносидан чиқиб кетган.

Оқ уйга бостириб кирган одамлар: "Уни бузманглар" дея бир-бирларини парламент биносини талон-тарож қилмасликка чақирган.

Фото: 24.kg

 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбаев намойишчилар билан бирга бинога кирган.

Ҳудудда хавфсизлик хизмати ходимлари йўқ. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Президент Сооронбай Жеенбеков жанубга учиб кетган. Давлат раҳбари девони раҳбари Досали Эсеналиев, матбуот котиби Толғонай Стамалиевада изоҳ бериш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.

Намойишчилар, шунингдек, мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасининг эшикларини бузишди ва музокаралардан сўнг республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ Бош вазир Сапар Исаковни озод қилишди.

5 октябр куни эрталаб мамлакат парламентига кирмаган партияларнинг икки мингга яқин тарафдорлари Бишкек марказида норозилик намойишини бошлашди. Улар сайлов натижаларини бекор қилишни ва қайтадан овоз беришни талаб қилишди. Кечқурун намойишчилар ўзларини таёқ, арматура ва тошлар билан қуролланиб, темир панжара қисмларидан тўсиқлар ўрнатишни бошладилар.

Республика ИИВнинг таъкидлашича, полиция фаолларни уларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари сабабли тарқата бошлади.

ССВ маълумотларига кўра, 120 дан ортиқ одам касалхоналарга етказилган, баъзиларининг аҳволи оғир. Касалхонага ётқизилганларнинг тахминан ярми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидир.

Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Сейитбек Атамбаев "Қирғизистон социал-демократлари" партияси лидерларидан бири.