Ҳибсдан давлат раҳбарлигигача: ҳокимият тепасига келган Садир Жапаров ким ўзи?

Ҳибсдан давлат раҳбарлигигача: ҳокимият тепасига келган Садир Жапаров ким ўзи?

Бу йил Қирғизистон сиёсий ҳаётида синовли давр бўлди. Парламент сайлови натижаларидан сўнг бошланган талотўплар кучлар мувозанатини ўзгартирди. Натижада, президент Жээнбеков истеъфо бериб, ҳамма ваколат янги бош вазир Садир Жапаров ихтиёрига ўтди.

Хўш, янги ҳукумат раҳбари қандай йўлларни босиб ўтган? Қирғизистоннинг биринчи рақамли шахси бўлишга даъвогарлик қилаётган Жапаровнинг қисқача ҳаёт йўли қандай? Бу сафар шу хусусда фикр юритамиз.

Садир Нургозҳоевич Жапаров 1968 йил 6 декабрда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Кен-Сув қишлоғида туғилган.

1987 йилда меҳнат фаолиятини Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги «Санташ» колхозида ишчи сифатида бошлаган.

2006 йилда Борис Ельцин номидаги Қирғизистон-Россия Славян университетини тугатган.

2005 йилгача Жапаров «Солтонкул» фермер хўжалигининг раҳбари, «Кергеи» нефт компаниясининг директори, Иссиқкўл вилояти Ички ишлар бошқармаси махсус компаниясининг инспектори, «Гузел» ва «Нурнефтегаз» компанияларининг бош директори бўлган.

2005-2007 йилларда, шунингдек 2010-2013 йилларда у Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган эди.

2007-2009 йилларда у Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг маслаҳатчиси, 2008-2009 йилларда Қирғизистоннинг коррупциянинг олдини олиш миллий агентлигининг комиссари бўлган.

2009-2010 йилларда у Қирғизистон давлат кадрлар хизмати ҳузуридаги Коррупциянинг олдини олиш агентлигини бошқарди.

2012 йил октябр ойида Садир Жапаров депутат сифатида «Қумтор» кони ташқарисидаги норозилик акциясига партиядошлари: «Ата-Журт» партияси лидери Камчибек Ташиев ва депутат Талант Мамитов билан бирга борди. Митинг пайтида Ташиев бошчилигидаги бир гуруҳ одамлар Оқ уйнинг панжарасидан ошиб ўтишди. Ушбу иш Олий судда кўриб чиқилиб, унда Тошиев, Жапаров ва Мамитов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринишда ва конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган оммавий даъволарда айбдор деб топилди. Ташиев ва Жапаров 1 йил 5 ойга, Мамитов бир йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Кейинчалик, Жапаров чет элга кетган, бир мунча вақт Кипрда ва Россияда яшаган.

2013 йилда яна депутатлик мандатидан ўтди.

2013 йилда Иссиқкўл вилояти Саруу қишлоғида «Қумтор» конини миллийлаштиришни талаб қилган митинг бўлиб ўтди. Тергов маълумотларига кўра, митинг Садир Жапаров томонидан молиялаштирилган. Иштирокчилар ҳукуматнинг Иссиқкўл минтақасидаги ваколатли вакили Эмил Каптагаев бошчилигидаги бир неча кишини гаровга олишди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Жапаров намойишчиларга телефон орқали кўрсатма берган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тўртта моддаси: «қотиллик таҳдиди», «гаровга олиш», «безорилик» ва «ҳокимият вакилига зўравонлик ишлатиш» бўйича иш қўзғатилган.

Тўрт йил чет элда бўлганидан кейин Жапаров Қирғизистонга қайтишга қарор қилди. 2017 йил 25 мартда у Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида ҳибсга олинган ва 11 йил 6 ойга қаттиқ тартибли колонияга озодликдан маҳрум қилинган.

Фото: For.kg

2020 йил 5 октябрда парламент сайловлари натижаларидан рози бўлмаганлар намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар содир бўлди.

13 октябрда президент Сооронбай Жээнбеков Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланишини рад этди. У парламентдан эртаси куни бўлиб ўтган сайловда Жапаров яна ушбу лавозимга тайинланиши учун яна овоз беришларини сўради. Жээнбеков Жапаровнинг номзодини маъқуллади, аммо унинг янги парламент сайловлари ўтказилгунига қадар истеъфога чиқиш талабларини рад этди. Бироқ, 15 октябрда президент Жээнбеков ўз лавозимидан истеъфога чиқди.

Қирғизистон Республикаси қонун ҳужжатларига кўра парламент спикери вақтинчалик Қирғизистон Республикаси президенти лавозимини бажарувчиси бўлиши талаб этиларди. Дастлаб, парламент спикери Канат Исаев президент вазифасини бажарувчи ролни бажаришга киришган бўлса-да, Жапаров ўзини президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди. Исаев бу лавозимдан бош тортганлиги ва натижада Жапаров президент вазифасини бажарувчи бўлганлиги айтилмоқда.

Натижада, 10 кунча аввал қамоқда бўлган Жапаров мамлакатнинг биринчи шахси бўлишдай вазифани уддасидан чиқди.

«Худога шукур қилишимиз керакки, ҳокимият алмашинуви қон тўкилишсиз ўтди» -, бу Жапаровнинг сўнгги кунларда сўзлаган нутқларидан иқтибосдир. Бу эса янги шаклланаётган ҳукуматнинг тинчлик йўлидан боришига умид уйғотади. 

Санжар Машриқий тайёрлади