Намибия ҳукумати 170та филни сотувга қўйди

Намибия ҳукумати 170та филни сотувга қўйди

Намибия ҳукумати мамлакатдаги қурғоқчилик ва қўриқхоналарда филлар ҳаддан зиёд кўплиги сабабли 170та филни сотувга қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда Намибиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалиги ва туризм вазирлиги томонидан эълон қилинган рекламага таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Филлар мамлакат ичида ва ташқарисида аукцион орқали сотилади. Аукционнинг ҳар бир иштирокчиси филларни сақлаш шароитлари ва уларни боқиш учун етарлича маблағга эгалиги ҳақида кафолат ҳужжатлари тақдим қилиши керак бўлади. Хорижий харидорлардан филни белгиланган давлатга олиб кириш учун рухсат берувчи божхона ҳужжатлари тақдим қилиш ҳам талаб этилади.

Намибия охирги йилларда мамлакатда филларни ҳимоялаш ва браконерларга қарши курашиш чоралари қабул қилингани сабабли ушбу жонзотларнинг тез кўпайишига тўқнаш келган. Натижада Африка мамлакатида филлар сони 1995 йилдаги 7,5 мингдан 2019 йилда 24 минггача етган. Бунинг оқибатида қўриқхоналарда бундай кўп сондаги филларнинг нормал яшаши учун табиий захиралар тақчиллиги юзага келган. Бундан ташқари, ҳукумат мамлакатда бошланаётган қурғоқчилик оқибатида кўллар ва дарёлар қуриши филларнинг оммавий нобуд бўлишига олиб келишидан хавотир билдирмоқда.

Намибия Африка жанубида филлар учун озиқа ва сув етишмаслиги муаммосига тўқнаш келган ягона давлат эмас. Мисол учун, Ботсвана филларни Анголага кўчириш бўйича дастурни амалга оширмоқда. Айни вақтда Африкада табиий муҳитда яшовчи филлар сони 350 мингга етади.