10 йил олдин йўқолган уйсиз одамни соч-соқоли олингандан сўнг қариндошлари таниб қолишди

10 йил олдин йўқолган уйсиз одамни соч-соқоли олингандан сўнг қариндошлари таниб қолишди

Бразилиянинг Гояс штатида бошпанасиз одам ўн йил олдин ғойиб бўлган қариндоши эканлигини яқинлари билиб қолишди. Буларнинг ҳаммаси сартарошхонада олинган фотосурат тарқалгандан сўнг содир бўлди, дея хабар берди «Times Now News» нашри.

Жуан Коэльо Гимарес 2010 йилда бедарак кетган. У жон сақлаш учун 10 йил кўчаларда тентираб, ахлат титишига тўғри келган.

Бир куни у сартарош Алессандро Лободан соқолини текислаб қўйишни илтимос қилди. Бироқ сартарош ҳаммасини шундайлигича қолдирмасликка қарор қилди ва 45 ёшли Жуан Гимареснинг соч-соқолини чиройли қилиб олиб қўйди.

«Кўпинча бирор нимага муҳтож одамларга ёрдам берамиз. Ҳозир оғир давр, кўпчилик яқинларини йўқотмоқда, моддий шароити ҳам қийин. Шунинг учун ҳозир ҳар қандай ёрдам муҳим», — дея изоҳлади Лобо.

Қиёфасини ўзгартиришга чамаси икки соат вақт кетди. Салон ходимлари уйсиз одамнинг соч-соқолини чиройли қилиб олиб қўйишди. Ҳатто, кийим-кечак ҳам совға қилишди. Кўзгуда ўзининг янгиланган қиёфасини кўрган Жуан кўз ёшларини тия олмади.

Алессандро Жуан билан тушган суратини ижтимоий тармоқларга жойлади ва кўп ўтмай машҳур бўлиб кетди. Маълум вақтдан сўнг сартарошга уйсизнинг қариндоши мурожаат қилди.

«Улар фотосуратни кўришгач, мен билан боғланишди. Чунки унинг телефони ҳам, доимий манзили ҳам йўқ эди. Кимнингдир ҳаётини ўзгартириш учун арзимаган нарса талаб этилишини кўрсатмоқчи эдим. Бундай бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим», — деди Лобо.

Жуаннинг синглиси Мария акасини йўқотиб қўйганига 10 йилча бўлган. У акасини топишга роса ҳаракат қилган, лекин барча уринишлар бесамар кетгач, уни ўлди деб ўйлаган. Бир куни Интернетдаги фотосуратда акасини таниб қолди. Алессандро ака-сингилнинг учрашувини ташкил қилди: улар бир-биридан айрилай демасди.