Фактчек: “Анорбанк” 50 млн.сўмгача микроқарз бераяпти(ми)

Фактчек:  “Анорбанк” 50 млн.сўмгача микроқарз бераяпти(ми)

10 февраль куни Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Красота вокруг”   саҳифасида “Анорбанк” томонидан 50 миллион сўмгача паспорт ва кафилларсиз микроқарз берилаётганлиги ҳақидаги хабар жойланган.

Биз ушбу саҳифани кўздан кечирар эканмиз, айрим жиҳатлар ушбу саҳифанинг шубҳали эканлигини кўрсатди.

Ҳукм: Фирибгарлик 

Ушбу пост остида қолдирилган ҳаволага ўтилганда фойдаланувчилар “Кредит бўйича маслаҳатлар” берилган саҳифага йўналтирилади ва у ерда “Анорбанк” томонидан ажратиладиган микроқарз ҳақида биронта ҳам маълумот берилмаганлигини кўриш мумкин. Ушбу саҳифанинг ўзиёқ маълумот фейк эканлигини кўрсатади

Ўзбек аудиторияси учун жойлаштирилган ушбу маълумот муаллифи ҳам ўзбек фойдаланувчиси эмас. Яъни қандайдир Elsie-May Matthams логини орқали маълумот жойлаштирилган. Бундан ташқари ушбу пост остидаги фойдаланувчилар қолдирган изоҳлар ҳам таржимон инструментларидан фойдаланилган ва хорижий фуқаролар исм шарифи орқали қолдирилганлигини кўриш мумкин.

24ipaka.com сайти домен ва IP лар ҳақидаги Whois расмий сервиси орқали ўрганилганди домен 2023 йил 31 январь куни рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари сайт ташриф буюрувчиларнинг маълумотларини йиғадиган куки файлларни тўплайди.

Яна бир жиҳат,  телефон рақами ҳам бутунлай бошқа ташкилот Бухоро вилоятида жойлашган “Узкабел”га тегишли эканлигидир.

“67 Nukus ko'chasi, Тошкент 100015, Oʻzbekiston” манзили эса “Асакабанк”  АТБ бош офисига тегишли эканлигини кўриш мумкин.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ ва телеграм мессенжери орқали турли хил миқдордаги пул маблағлари ажратилаётганлиги юзасидан маълумотлар кўпчиликка СМС ёки мессенжерлардаги хабарлар орқали келиб туради. Уларнинг кўпчилиги фирибгарлар томонидан тайёрланади ва кўп ҳолларда содда инсонларнинг алданиб қолиб, пластик карталаридаги маблағларидан ажралиб қолишларига сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур ҳавола “Anorbank” жамоасига тегишлилиги бўйича сўров юборилганда, улар ушбу саҳифа ва реклама уларга тегишли эмаслиги ҳақида маълум қилдилар. 

Хулоса, агар банкдан кредит олмоқчи бўлсангиз, фақатгина тегишли банк офисларига ёки расмий сайтларига ташриф буюрган ҳолда маълумот олиш тавсия қилинади. 

Ҳакимжон Фозилов