XXI аср ўқитувчиси.У қандай бўлиши керак?

XXI аср ўқитувчиси.У қандай бўлиши керак?

Сўнгги технологик ютуқлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини тубдан ўзгартириб юборди: мулоқот, бизнес қилиш, билим олиш ва албатта таълим бериш.

XXI аср инсониятга ўзи билан бирга янги тушунчаларни олиб келди: “XXI аср мактаби”, “XXI аср таълими”, “XXI аср кўникмалари” ва ҳоказо сўз луғатимизни янада ранг-барангликда бойиди – рақамли ҳукумат, рақамли фуқаро, рақамли иммигрант ва ушбу мақола мавзуси - "XXI аср ўқитувчиси" каби иборалар пайдо бўла бошлади.

Мақолани ёзар эканман, “ХХ аср ўқитувчиси” ёки “ХИХ аср ўқитувчиси” каби ибораларни эшитганманми ёки йўқ, эслашга ҳаракат қилдим. Google қидирувидаги муваффақитсизлик бундай сўз бирикмаси йўқ эканлигига ишонтирди. Шундан сўнг, Twitterdan “20th_century_teacher” хештаг билан берган қидирув ҳам натижасиз чиқди. Аммо XXI аср учун талайгина хештагларни учратдим: #teacher21, #21stcenturyskills, #21stCTeaching ва ҳоказо.

Шубҳасиз, 21-асрда таълим олиш ва таълим бериш умуман янгича шакл ва маъно касб этди. Хўш, 21-аср ўқитувчиси бўлиш нимани англатади?

21 аср ўқитувчиси энди шунчаки маълумотлар базасига эга, ҳамма саволларга жавоб бера оладиган билимдон “доҳий” эмас. Чунки, 21 аср ўқувчисининг қўлидаги митти қурилмада Google, Wikipedia, Youtube ва бошқа шу каби дастурлар бор. Энди таълимда "spoon-feed" методи истеъмолдан чиқди.

Қалам ёки ручка 20 аср ўқитувчисининг асосий "қуроли" бўлиб, у билан ёзишга қодир бўлмаган ўқитувчини тасаввур қилишнинг иложи бўлмагани каби, бугунги 21 аср ўқитувчиси компьютер ва шу каби замонавий технологиялар билан ишлай олиши ва кодлашни билиши жудаям зарур.

21 аср ўқитувчиси учун хос бўлган яна бир муҳим хусусият - қоғозсиз ишлаш - ўз веб-сайтида ўқитиш ресурслари ва қўлланмаларини сақлаш ва дарсларни технологик қурилмалар билан интеграциялаш ўқувчиларнинг таълим олишини янги босқичга олиб чиқади.

Доимий қоғоз-қаламдан фарқли ўлароқ, веб-сайт ҳаволаларининг алмашиниши ва рақамли ахборотлардан мавжудлиги ўқувчиларга ўзаро маълумот алмашиш ва индивидуал ёндашувни қўллаш имконини яратади.

Ўқувчиларнинг хоҳишлари, қизиқишлари, мақсад ва эҳтиёжлари ҳар хил бўлганлиги сабабли энди уларга таълим беришда индивидуал ёндашув мақсадга мувофиқдир. Чунки ўқувчилар танловни ўзлари амалга оширсалар бу танлов натижаси учун жавобгарликни ҳис қилиб, унга кўпроқ куч сарфлайдилар. Бу ўз навбатида "one-size fits all"  ("Битта ўлчам ҳамма нарсага мос келади") таълим методини самарсиз эканлигини исботлайди.

Бугунги кун ўқувчиси қўлидаги технология нафақат китоблар, видео-дарслар воситасида маълумот бериш, балки улардан фойдаланиб блоглар, инфографикалар, видеолар яратиш имкониятини беради. Афсуски, биз уларни қурилмасини ўчириб қўйиб анъанавий китоб-дафтарлар билан ишлашга мажбурлаймиз. Бу билан технология ва таълим ўртасида жарлик пайдо қиламиз. Ваҳоланки, бугунги кун талаби бу иккисини ҳамкорлигини таъминлашдир.

Бугунги ўқувчилар энг замонавий технологияларга эга бўлса-да, аммо кўп ҳолларда улардан дўстлар билан суҳбат қилиш, хабар ёзиш, кўнгилочар ўйин ва дастурлардан учунгина фойдаланади. Ҳозирги ёшларга “келажагимиз рақамли фуқаролари” деб нисбат берилса-да, дарсларда рақамли технологиялардан тўғри фойдаланиш ҳақида кам гапирамиз. Афсуски, ҳозиргача ўқувчилар баҳолангандан кейин ташлаб юбориладиган қоғозлар ёрдамида таълим олишади. Ваҳоланки, ўқувчиларга замонавий технология қурилмаларидан фойдаланиш имконияти берилса, улар ўзлари қизиққан ва бошқаларга ҳам улашадиган чиройли ижодий блоглар, филмлар ёки рақамли лойиҳалар яратишлари мумкин. Таълим жараёнида рақамли ресурлардан, тақдимот (PowerPoint), электрон почта ва ижтимоий тармоқ сайтларидан фойдаланиш орқали кўпгина суҳбат ва қоғоз нусхасида йўқолиб кетадиган ажойиб ғоя ва лойиҳаларни ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлигида ривожлантириш ва синаб кўриш мумкин бўлади.

Ўқувчиларга бундай имконият ва танлов яратиш учун 21 аср ўқитувчи бу борада тажрибасига эга бўлиш фойдали бўлади. Бошқа халқларнинг ўзига хосликлари, маданияти ёки тили ҳақида дарсликлар орқали ҳам маълумотга эга бўлиш мумкин албатта, аммо, ўрганилаётган халқ вакили билан бевосита “online” мулоқот ёки ушбу давлатга виртуал саёҳат дарс самарадорлигини оширади. Таълим жараёнида ўқувчиларга сайёранинг исталган бурчагига виртуал саёҳат қилиш имконини берадиган қурилмалардан мунтазам фойдаланиш 21 аср ўқитувчиси учун шунчаки нормага айланиши керак. Шунча имкониятларга эга бўлиб, ҳали ҳам бошқа маданиятлар, одамлар ва воқеалар ҳақида оммавий ахборот воситаларидан ёки дарсликлардан ўрганишимиз  ачинарли ҳолдир.

Агар ўқувчилар технология қурилмаларига нисбатан кўнгилочар машғулот ўтказадиган восита эмас, балки билимларини оширадиган ва мустаҳкамлайдиган восита сифатида қарашга ўргатилса, бу қурилмалар таълим тизимида ўқитувчининг ишончли ҳамкорига айланади.

Илк дарс берган йилларимни эслайман, ўшанда мен дарсда телефонлардан фойдаланишга рухсат бермасдан ўзим ҳам яхши тушунмайдиган мавзуни ўқувчиларга тушунтиришга ва ҳар қандай саволга ўзим жавоб беришга ҳаракат қилардим. Ўқувчиларнинг айнан бир мавзу юзасидан саволлари, қизиқишлари, фикр-тушунчалари турлича эди. Бир ёки икки ўқувчи учун қизиқ ва фойдали бўлган нарсани ҳаммага бирдек тушунтириш вақтни беҳуда сарфлаш эканлигини сезгач ўқувчиларни маълумотлар билан ишлаш, саволларга мустақил жавоб излаш ва танқидий  фикрлашга ўргата бошладим. Ўқувчиларнинг телефонларини ўзимга фойдали ёрдамчи сифатида қабул қилдим. Дарҳақиқат, баъзида менга берилган саволларга "Билмайман, Google дан фойдаланинг ва жавобини менга ва қолганларга ҳам айтинг!" каби суҳбатлар ўқувчиларнинг дарсга ва телефонга муносабатини ижобий томонга ўзгартирди.

Бундан хулоса қилдимки, бугунги кун ўқувчилари ўзлари саволлар ишлаб чиқишлари, улар устида тадқиқот ўтказишлари, мутахассислар билан боғланишлари ва қўлларида мавжуд бўлган барча қурилмаларни фойдаланиб ўз лойиҳаларни яратишлари керак. Бунинг учун бугунги ўқитувчидан сўраладиган ягона нарса бу - йўл-йўриқдир.

Бугунги ўқувчилар Интернет манбаларидан фойдаланиб, дунёнинг исталган нуқтасидаги мутахассислардан сўраб ёки дунёнинг бошқа бир нуқтасида худди шу фанни ўрганаётган тенгдошлари билан фикр алмашиши мумкинлиги, дарслик ва қоғоз-қаламни "ХХ аср" эскирган таълим воситасига айлантирди.

21 аср ўқитувчисининг Twitter ижтимоий тармоғида шахсий профил яратиб ўз тадқиқот ва ғоялар билан бўлишиши ҳамда соҳадаги муаммолар ва янгиликлардан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқдир.

 Бу профессионал даражада ўсиш ва билимларни кенгайтиришнинг энг арзон ва самарали усулидир. Бу каби ижтимоий тармоқ сайтлари маълум касб ва соҳа доирасида ўхшаш одамларнинг бир-бири билан боғланиш, билим ва тажриба алмашиши учун қулай виртуал макон ҳисобланади.

Бугунги 21 аср ўқитувчилари ижтимоий медиадан тўғри фойдаланишни, рақамли ресурсларни яратишни билиши керак.

Гарчи ўқитувчилар ҳам бошқалар каби ижтимоий тармоқлар кўнгилхушлик учун фойдаланишни, ўз расмлари ва фикрларини жойлаштиришни хоҳласа-да, ўқувчилардан Интернетда номақбул ишларни қилмасликларини талаб қилиш учун авваломбор ўзлари “onlayn” профессионал хулқ-атвори билан ўрнак бўла олиши керак.

Тайлаков.Т.А