Соғлом турмуш тарзининг олти муҳим шарти. Улар нималардан иборат?

Соғлом турмуш тарзининг олти муҳим шарти. Улар нималардан иборат?

— Олимларнинг фикрича, соғлом турмуш тарзи олти асосий шартга амал қилишга асосланади, — дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. — Улардан биринчиси, тўғри овқатланиш бўлиб, кундалик истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларни организмнинг физиологик, биологик талаблари асосида танлаш ва истеъмол қилишдир.

Тўғри овқатланиш шундай ташкил этилиши керакки, у ўзининг физик, кимёвий ҳамда биологик хусусиятлари билан инсон танасига оғирлик қилмасин, аксинча, тез ва осон ҳазм бўлиб, организмни керакли озуқавий моддалар билан таъминласин.

Иккинчи шарт — доимо ҳаракатда бўлиш. Киши кундалик ҳаётда жисмоний машқлар, спорт ўйинлари, баданни чиниқтирувчи муолажалар билан кўпроқ шуғулланса, организмдаги физиологик, биологик жараёнлар фаоллашади. Натижада, кайфият кўтарилиб, ишчанлик қобилияти ортади. Шубҳасиз, бу саломатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Учинчи шарт — кун тартиби ва ишни биологик режим асосида ташкил қилиш. Коинотда табиий ҳодисалар маълум бир тартиб асосида такрорланади. Хусусан, қуёшнинг ҳар кун маълум вақтда чиқиши ва ботиши, йил фаслларининг ҳар йили такрорланиши табиатдаги барча ҳаракатлар маълум бир тартибга бўйсунишидан далолатдир. Ва инсон ҳам бундан мустасно эмас.

Мисол учун, инсон танасидаги фаоллик кундузи ортади, кечаси сусаяди. Шу боис ҳам иш куни, дам олиш вақти тўғри режалаштирилган бўлиши керак.

Тўртинчи шарт — руҳий осойишталикни таъминлаш. Маълумки, бизнинг танамиз, ички аъзолар фаолияти асаб тизимига бевосита дахлдор. Уларнинг меъёрий фаолияти руҳий ҳолатимиз, кайфиятимизни белгилайди. Шу маънода ҳуда-беҳудага жиззакилик қилмай, яхши нарсалар ҳақида ўйлаб, оқилона фикрлаш, ёмонликлардан тийилиш, нафсга эрк бермаслик, хушфеъл, хушмуомала бўлиш соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг гаровидир.

Бешинчи шарт — ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик сингари зарарли одатлардан тийилиш. Бу иллатларнинг соғлиқ ва турмушга зиёни бисёрлигини алоҳида таъкидлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Зеро, бундай кишиларнинг ҳаётга бефарқ, кун ўтсин учун яшовчи, ўз соғлиғи ва келажагини ўйламайдиган заиф одамларга айланиб қолиши ҳаётда кўп кузатилган. Бу ачинарлидир.

Олтинчи шарт — озодалик, орасталикка риоя қилиш, атроф-муҳитга муносабат масаласи. Кундалик ҳаёти асносида инсон атроф-муҳитга маълум даражада таъсир кўрсатади. Масалан, ҳаётимиз учун зарур бўлган озиқ-овқатлардан чиқинди ҳосил бўлиши ўта табиий ҳол.

Биласиз, чиқитларни тўғри келган жойга ташлаш туфайли атроф-муҳит ифлосланади: сув, тупроқ ва ҳавода саломатликка салбий таъсир қилувчи омиллар вужудга келади. Шунинг учун ҳам озодаликка қатъий амал қилиш кундалик турмушимизда одатий ҳолга айланиши керак.