4 та энг фойдали қуруқ мева

4 та энг фойдали қуруқ мева

Майиз, баргак, хурмо, олхўри энг кенг тарқалган ва энг фойдали қуритилган мевалар сифатида тан олинган. Бу ҳақда диетолог Людмила Микитюкнинг сўзларига таяниб «РИA Новости» хабар берди.

Ушбу тўртта қуритилган мева таркибида клетчатка, витаминлар ва минераллар янги меваларга қараганда кўпроқ. Бу сизга зарур бўлган кунлик озуқа моддаларининг кўпроқ фоизини олиш имконини беради. Мисол учун, майизда магний, В витамини бисёр. Қон босимини, танадаги яллиғланишни камайтиришда унга бас келадигани йўқ.

Олхўри табиий ич сурги сифатида ишлатилиши мумкин. Таркибида калий, клетчатка, A ва К витаминлари кўп.

«У юрак-қон томир касалликлари профилактикасида яхши. Таркибида борнинг юқори консентрацияси туфайли остеопорозга қарши курашда ёрдам беради», – деб таъкидлади диетолог.

Хурмо таркибида темир, клетчатка ва калий кўп. Улар етакчи антиоксидантлар бўлиб, эркин радикалларни зарарсизлантириши мумкин. Уларни охирги ойларда ҳомиладор аёллар ейиш тавсия этилади, чунки хурмо бачадон бўйни кенгайишига ёрдам беради.

Баргак A ва C витаминлари, калий, клетчаткага бой. Ушбу қуритилган мевани истеъмол қилиш орқали A витамини кунлик эҳтиёжининг 47 фоизини таъминлаш мумкин. Бу, айниқса, тери ва кўзлар учун фойдалидир.

«Ушбу тўртта қуруқ мевада кучли антиоксидантлар ҳисобланмиш полифеноллар бисёр», – деди эксперт.

Микитюк истеъмол қилинган қуруқ мевалар миқдорини назорат қилишни маслаҳат берди, чунки улар ниҳоятда калорияли.