Ноябрда “Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия ярим марафони бўлиб ўтади

Ноябрда “Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия ярим марафони бўлиб ўтади

“Samarkand Half Marathon” ярим марафони Республикада алоҳида эҳтиёжли кишилар учун қулай ва инклюзив муҳит яратишга қаратилган бошқа тадбирлар билан бирга муҳим тадбирга айланиб улгурган.
Ушбу лойиҳа спорт орқали биз инклюзивлик масалаларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қила олишимизни намоён қилмоқда. Бу йилги хайрия ярим марафони жуда муҳим мавзулардан бири - аутизм билан касалланган одамлар муаммосига қаратилган.

Жорий йилда ярим марафонда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон, гимнастикачи, Олимпия ўйинлари совриндори Оксана Чусовитина, боксчи, 2016 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медаль совриндори Шаҳрам Ғиёсов, футболчи, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов, оғир атлетикачи, Осиё ва жаҳон чемпиони, 2016 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нуриддинов, шунингдек блогер ва УзА директор ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев, блогер ва Альтер Эго канали муаллифи Кирилл Альтман ва бошқа кўплаб кишилар қатнашади. 

Тадбирда аутизм касалига чалинганлар учун инклюзив муҳит яратиш ва уларнинг мамлакатимиз ижтимоий ва маданий ҳаётига қўшилиши масалалари кўриб чиқилади. Ярим марафондан тушган маблағ аутизм билан касалланган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатлардан бирида болалар бадиий студиясини яратишга сафарбар қилинади.
Югуриш виртуал форматда ҳар бир иштирокчига ихтиёрий масофани босиб ўтиш имконияти билан, шунингдек Шимолий юриш услубида ўтказилади. 12 ёшгача бўлган болалар, болалар югуришида иштирок этишлари мумкин. Бу галги марафон хам маданий тадбирларга бой бўлиши назарда тутилган.

Мусобақанинг расмий веб-сайтида нафақат иштирокчилар, балки аҳоли учун ҳам мусиқий ва таълим дастурлари мавжуд бўлиб, уларда халқаро экспертлар аутизм ва аутизм билан касалланган одамларни жамиятга тўғри интеграцияси мавзусида маърузалар ва маҳорат дарслари ўтказадилар. Жорий йилги воқеалар туфайли югуриш Самарқанд шаҳрида ўтказилмайди, аммо эндиликда дунёнинг исталган нуқтасидан хайрия марафонимизда иштирок этиш ва қўллаб-қувватлаш имкони пайдо бўлди.

“Samarkand Half Marathon” ўтказишдан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги аутизмдан азият чекувчи болалар интернатларидан бирида бадиий студия очишга йўналтирилади, хоҳловчилар учун эса маъруза ва семинарлар ҳам ўтказиш режалаштирилган. Марафон одамларга аутизмдан азият чекувчи кишилар дунёси нақадар ранг-баранглиги ва бунга эътибор қаратиш қанчалик муҳим эканини англашда ёрдам беради. 

Хайрия пойгасига 1 ноябрь куни старт берилади. Унда бутун дунё мамлакатлари фуқаролари иштирок этиши мумкин.