Тошкент вилоятида 45 ёшли аёл ўзига уйланмаган эркакдан ваҳшийларча ўч олди

Тошкент вилоятида 45 ёшли аёл ўзига уйланмаган эркакдан ваҳшийларча ўч олди

Тошкент вилоятида 45 ёшли аёл унга уйланишни ваъда қилиб, гапида турмаган 38 ёшли эркакни ўзининг яқин қариндошлари ёрдамида бетон бўлагига боғлаб, каналга ташлаб юборган. Бу ҳақда «Бир жиноят изидан» кўрсатувида маълум қилинди.

2020 йилнинг 29 март куни Бўстонлиқ тумани ИИБга тумандаги «Думалоқ» маҳалласидан оқиб ўтувчи «Паркент» магистрал каналида осиё миллатига мансуб, ёши тахминан 35—45 ларда бўлган, шахси номаълум эркакнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Мурдани кўздан кечириш вақтида оғзи скотчлангани, уни сувга чўктириш мақсадида қўл ва оёқлари бетон бўлагига арқон билан боғлангани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Чириш ҳолатида бўлган мурданинг шахсини аниқлаш мақсадида унинг бармоқ излари устида бутун бошли тадқиқот ўтказилган. Текширув якунларига кўра марҳум 1983 йил 17 август куни Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган Одилбек Отажонов экани маълум бўлган.

Одилбек Отажонов Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Олий судининг 2009 йил 14 октябрдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» бандига асосан 19 йилга озодликдан маҳрум этилган (у шаръий никоҳдаги хотинини ўлдириб, уйига кўмиб қўйган). 2014 йил июль ойида жазодан озод этилган.

Отажонов ўлими арафасида фуқаро Сурайё Мирмаҳмудова билан яқин муносабатда бўлгани учун аёл терговга жалб қилинган. Тергов давомида Мирмаҳмудова унинг уйида қурилиш устаси сифатида ишлаган Одилбек Отажонов билан ҳақиқатан ҳам илиқ муносабатда бўлгани, эркак дастлаб унга уйланиш истагини билдиргани, бироқ кейин фикридан қайтиб қолганини билдирган.

Жиноят тафсилотлари

Бир куни Одилбек Отажонов маст ҳолатда Сурайё Мирмаҳмудова билан тортишиб қолган ва «ҳамма гапни очиқ-ойдин» айтган. Тортишув давомида: «Сенга уйланмайман. Сени битта «куртка»га баҳс бойлаб ютиб олганман», деган. Таъкидланишича, Одилбек Отажонов Сурайё Мирмаҳмудовани жинсий муносабатларга киришишга ундаб, унинг фаҳш суратларини телефонига ёзиб олгани, бундан фойдаланиши мумкинлигини айтиб, аёлни қўрқитиб келган. Сурайё Мирмаҳмудова таҳдидлардан қўрқиб, ҳолат ҳақида укалари — Комил ва Иброҳим Мирмаҳмудовларга айтиб берган.

Шундан сўнг Сурайё Мирмаҳмудованинг укалари — Комил ва Иброҳим Мирмаҳмудовлар, амакиваччалари Аброр Мирмаҳмудов, Аҳмаджон Тўрабоев, Нодир Абдукаримов, қўшниси Аҳмаджон Раҳимбердиев, Саима Худойбергенова — жами саккиз киши ўзаро жиноий режа тузади. Улар Одилбек Отажоновни «самосуд» қилишга келишиб олади. Кўрсатувда Комил Мирмаҳмудов акаси Иброҳим Мирмаҳмудов, амакиваччалари Аброр Мирмаҳмудов ва Аҳмаджон Тўрабоев билан биргаликда Одилбек Отажоновни ўлдиришга келишиб олгани ҳақида ҳам сўз боради.

Одилбек Отажонов Саима Худойбергенова билан Ғазалкент шаҳридаги «Шабада» кафесида учрашади. Саима уларнинг ўтирган жойи ҳақида Аҳмаджон Раҳмонбердиевга хабар қилади. Ўз навбатида Аҳмаджон Раҳмонбердиев бу ҳақда Сурайёнинг укаси Комилга хабар қилиб, улар бу жойга келиб Одилбекни ўғирлаб кетишлари мумкинлигини айтган.

Олдиндан ўйланган режа бўйича Комил Мирмаҳмудов «Нива» машинасида, акаси Иброҳим Мирмаҳмудов эса «Жигули» да Бўстонлиқ тумани «Оқтош» маҳалласи бўйидаги каналда учрашган. Комил Мирмаҳмудов бу жойга холаваччаси Нодир Абдукаримовни ҳам таклиф этган. Ундан ҳам жиноятни содир этишга кўмаклашиш — Одилбек Отажоновни ўғирлаб кетишга ёрдам бериш сўралган. Келишувга рози бўлган Нодир Абдукаримов биргаликда Отажановни ўғирлаш учун «Шабада» кафесига борган.

Кафега келгач, Комил Мирмаҳмудов, Аҳмаджон Раҳмонбердиев, Аҳмаджон Тўрабоев, Аброр Мирмаҳмудов тўғри Одилбек Отажанов ўтирган хонага кириб борган, уларни кўриб Саима Худойбергенова хонадан қочиб чиққан. Шундан сўнг Аҳмаджон Раҳмонбердиев ҳамда Комил Мирмаҳмудов Отажоновни: «Ушландинг-ку, топилар экансан-ку», дея турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, Аброр Мирмаҳмудовга Одилбекни ташқарига судраб олиб чиқишни буюрган. Улар Отажановни «Нива»га ўтирғизиб, Сурайё Мирмаҳмудованинг уйига олиб борган.

Сурайё Мирмаҳмудова Одилбек Отажоновни, «у айтган ҳамма гапларни» эслатиб, оёқ-қўллари, биқини ва бошига хода билан урган. Сурайёни тўхтатишга уринган укаларидан бирига у: «Буни ўлдириш керак. Уриб ҳуморимдан чиқишим керак. Буни суягини этидан ажратмагунимча тинчимайман, мен буни ўлдираман», деб қаршилик кўрсатган. Одилбекни калтаклаб бўлгач, «уни нима қилишни ўйлаб кўриш учун» уйнинг ертўласига олиб кириб қўйишади.

Соат тахминан 22:00 да Комил, Иброҳим ва Аброр Мирмаҳмудовлар ҳамда Аҳмаджон Тўрабоев Сурайё Мирмаҳмудованинг уйида тўпланади. Улар ҳушсиз, калтакланган, бош, қўл ҳамда оёқларидан тан жароҳатлари олган ожиз аҳволда ётган Отажоновни ертўладан олиб чиқиб, «Жигули»нинг юкхонасига юклайди. Уни «Паркент» каналига ташлаб юбориш учун, Бўстонлиқ тумани «Думалоқ» маҳалласи ҳудудига боришади.

«Жигули»нинг юкхонасига ортилган Одилбек Отажоновни Иброҳим Мирмаҳмудов амакиваччаси Аброр билан биргаликда олиб тушиб, унга аввалдан тайёрлаб қўйилган бетон бўлагини қўл ва оёқларига арқон ёрдамида боғлаб, шу ҳолатда кўтариб, уни сувга ташлаб юборади», — дейди Тошкент вилояти прокуратурасининг катта терговчиси Санжар Сафаров.

Суд ҳукми

Тергов натижаларига кўра Сурайё Мирмаҳмудова ва етти нафар шахсга Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж», «о», «п» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гур манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш), 137-моддаси 3-қисми «б» банди (оғир оқибатларга сабаб бўлган одам ўғирлаш), 138-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (жисмоний азоб бериб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли шароитда сақлаган ҳолда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан айблов эълон қилинган. Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди 2020 йил 20 октябрида ушбу иш бўйича ҳукм чиқарган.

Комил Мирмаҳмудов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш), 137-моддаси (одам ўғирлаш) 3-қисми, 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми, 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Сурайё Мирмаҳмудова Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, 137-моддаси 3-қисми, 138-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, кодекснинг 57, 59, 61-моддалари тартибида 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Иброҳим Мирмаҳмудов Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисми, 137-моддаси 3-қисми, 138-моддаси 2-қисми, 164-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Аброр Мирмаҳмудов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, 137-моддаси 3-қисми, 138-моддаси 2-қисми ва 164-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд Аҳмаджон Тўрабоев, Аҳмаджон Раҳимбердиев, Абдукаримов Нодир, Саима Худойбергеневага нисбатан ҳам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинлаган. Кўрсатувда уларга нисбатан тайинланган жазо тафсилотлари маълум қилинмаган.