Тошкентда 4 нафар мактаб ўқувчисини Damas уриб юборди

Тошкентда 4 нафар мактаб ўқувчисини Damas уриб юборди

Тошкентда 20 ёшли ҳайдовчи Damas’да 4 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборди. Улардан бири шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 2 октябрь куни, тахминан, соат 15:00 да Янгиҳаёт туманидаги Чинор ва Полвонёр кўчалари кесишмасида юз берган. 20 ёшли А.К. Damas’ни ишончнома асосида ҳайдаб кетаётганида бошқарувни йўқотиб, йўл четида турган вояга етмаган пиёдаларни уриб юбориб, Nexia билан тўқнашган.

Оқибатда 10-синф ўқувчилари — 2005 йилда туғилган Глеб К., 2005 йилда туғилган Сармат М. ва 2006 йилда туғилган Темур Х. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган. Иккала автомобиль ҳайдовчилар ҳам шифохонага етказилган.

Яна бир пиёда — 10-синф ўқувчиси 2004 йилда туғилган Артём Й. ЙТҲ оқибатида етган бадан шикастлари туфайли шифохонага етказиш давомида вафот этган.

Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.