Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ажратилган маблағ юзасидан расмий муносабат

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ажратилган маблағ юзасидан расмий муносабат

Бугун ижтимоий тармоқларда “Вилоят молия бошқармаси (А.Рахматуллаев) вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрамини юқори савияда нишонлаш учун 1 894 814.0 (бир миллиард саккиз юз тўқсон тўрт миллион саккиз юз ўн тўрт) минг сўм маблағ” ажратди мазмунидаги хабарлар тарқалди.
Жиззах вилояти ҳокимлиги шуни маълум қиладики, “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанба куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонлаш белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш бўйича жорий йилнинг 27 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида “Ҳосил байрами”га тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказилган эди.
Мазкур йиғилиш баёнининг 4-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари: бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни - "Ҳосил байрами"ни нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш, эпидемиологик вазият талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбир ўтказиладиган объектларни танлаш ва тайёрлаш, байрамни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш. Бунда: қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, жорий қилинаётган илғор тажрибалар, замонавий техника ва технологиялар бўйича кўргазмалар ташкил қилиш, аграр соҳа тармоқларида самарали меҳнат қилаётган фаолларни байрам тадбирларида моддий ва маънавий рағбатлантириш назарда тутилиши белгиланган.
Шунга асосан, Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 1 894 814.0 (бир миллиард саккиз юз тўқсон тўрт миллион саккиз юз ўн тўрт) минг сўм маблағ жорий йилнинг 11 декабрь куни Жиззах вилояти Дўстлик туманида йигирма минг аҳолига халқ сайли тарзида “Ҳосил байрами” ташкил этиш ва 12 декабрь куни мингга яқин аграр соҳа тармоқларида самарали меҳнат қилаётган фаоллар, жумладан, механизатор, илғор фермерлар ва уларнинг ишчилари, шунингдек қишлоқ хўжалигида банд бўлганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда байрам тадбирини юқори савияда ўтказиш учун ажратилган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозимки, ўтиб бораётган 2021 йилда Жиззах вилоятидаги қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган меҳнаткашлар вилоятимизнинг юксалиши йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати