Чилонзордаги «Шовотландия» кафесини ёқиб юборган икки фуқаро умрбод озодликдан маҳрум этилди

Чилонзордаги «Шовотландия» кафесини ёқиб юборган икки фуқаро умрбод озодликдан маҳрум этилди

Февраль охирида Чилонзордаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқиб, бунинг оқибатида 5 киши вафот этганди. ЖИБ Олмазор туман суди ушбу жиноятни содир этган 36 ва 26 ёшли шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. «Газета.uz» жиноят нима сабабдан ва қандай содир этилганини ҳам аниқлаштирди.

27 февраль куни эрта тонгда Тошкент шаҳридаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқиб, бунинг оқибатида кафеда ишлаган ва яшаган 5 киши вафот этганди. Ҳолат юзасидан гумондор шу куниёқ қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

«Газета.uz» манбаси маълум қилишича, мазкур жиноят иши ЖИБ Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов бошчилигида кўриб чиқилиб, 21 декабрь куни суд ҳукми ўқилган.

Суд маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида «Шовотландия» кафесининг 644 млн 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 млн сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли икки нафар аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ёшли қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

Ëнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а,в,д,ж,п» бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг «б,в» бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а,в,д,ж,п» бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг «б,в» бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, унга ЖИБ Яккасарой туман судининг 2014 йил 11 июлдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддати қўшилиб, енгилроқ жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми эълон қилинган кундан 20 кун ўтиб кучга киради.

Воқеа қандай содир бўлганди?

Суд ҳужжатларига кўра, 36 ёшли судланувчи илгари таркибида бир неча уюшган жиноий гуруҳлар мавжуд бўлган қуролли жиноий уюшмани бошқарган ва «авторитет» деган ном чиқарган. Содир этган жиноятлари учун жазо ўташ вақтида 26 ёшли судланувчи билан танишиб қолган. Шу орада 26 ёшли судланувчи томонидан ўзини «босс» сифатида қабул қилинишига эришган.

26 ёшли судланувчи қамоқдан чиққач, 36 ёшли судланувчи уни ўзи ишлаб келаётган Зангиота тумани «Эшонгузар» қўрғонидаги чойхонага ишга олган ва уни ўзига молиявий жиҳатдан тобе қилиб қўйган. Бунинг оқибатида эса ҳар қандай, хусусан, жиноий топшириқларини бажартириб келган.

Қайд этилишича, кафенинг эгаси телефон орқали 36 ёшли судланувчидан ёрдам сўраб, «Эдди» лақабли шахс унинг қариндошидан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан 5 дона «Iphone 11 Pro» русумли телефонни олиб, муайян миқдордаги пулларни тўлагани ва қолган 4000 долларни бермай юрганлигини айтган. У эса «Эдди» билан боғланиб, унга пулларни беришини тайинлаган ҳамда ёрдам сўраган шахсдан бунинг эвазига 1500 долларлик «Iphone» олиб беришини айтган.

Кафе эгаси рад этгач, судланувчи уни ўзининг чойхонасига чақириб, ҳақоратлайди. Бунга жавобан ўзини хўрланган деб ҳисоблаган шахс «Шовотландия» кафесидаги ўзининг офисига судланувчини чақиради. Икки ўртада ўзаро можаро юзага келади ва кафе эгаси хонадан чиқиб кетади. Ташқарида уни кутиб турган танишлари эса судланувчи ва унинг 2 нафар шериги хонадалигини билиб туриб, эшик ва ойналарга тош отишган.

36 ёшли судланувчи ва унинг шериклари воқеа жойидан қочишга эришиб, ўзининг чойхонасига боради ва 26 ёшли судланувчига бўлган воқеаларни айтиб, қасд олиш режасини тузишади. Унга кўра, «Шовотландия» эгаси офисда тунаб қолган вақтда кафега ўт қўйишга келишиб олишади.

Суд ҳужжатларига мувофиқ, 36 ёшли судланувчи ўзига «ишончли алиби» шакллантириш учун ўзи доимий яшаган хонадонда қолади. 26 ёшли судланувчи эса ярим тунда таксида кафега боради ва «Молотов коктейли»ни тайёрлаб, уларни кафенинг тез ёнувчи қисмларига улоқтиради. Шундан сўнг, воқеа жойидан яширинади.