Ҳукумат комиссияси Деновдаги фожиа бўйича хулосасини эълон қилди

Ҳукумат комиссияси Деновдаги фожиа бўйича хулосасини эълон қилди

АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда 2021 йил 7 декабрь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган «Indenim» савдо мажмуасида юз берган фожиа оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилишича, портлаш оқибатида 2 киши қурбон бўлиб, 9 киши турли даражадаги тан жароҳати олган.

140 та турар жойларга, яъни, 76 та ҳовли уйлари ва 5 та кўп қаватли уйларнинг 64 та хонадони, 86 та нотурар жойлар, умумий ҳисобда 226 та иморатга зиён етган. Талафот кўрган 25 та бино, жумладан, 13 та турар жой ва 12 та нотурар жой бинолари яроқсиз ҳолатга келган.

Ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини аниқлаш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Вазирлар Махкамасининг тегишли қарори билан Ҳукумат комиссияси тузилди ва мазкур Комиссия томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Етказилган зарарни қоплаш ишлари

Яроқсиз деб топилган 13 та турар жойнинг хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, жойидан янгидан уй-жой кўриш бўйича пудратчилар бириктирилган ва қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда.

Таъмирталаб 69 та турар жойлар биноларига, жумладан, 64 та ҳовли уйлари ва 5 та кўп қаватли уйларнинг 64 та хонадонини тартибга келтириш мақсадида пудратчилар жалб қилиниб, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилмоқда. Таъмирталаб 60 та нотурар биноларда тадбиркорлар томонидан таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Мустақил баҳоловчи ташкилотлар ва бошқа масъуллар томонидан мажмуада рўй берган ҳодиса оқибатида зарар кўрган 226 та кўчмас мулк объектларига етказилган зарар миқдори 22,6 млрд сўмга баҳоланган, шундан мажмуага етказилган зарар миқдори 14,4 млрд сўмни ташкил этади.

Мазкур етказилган зарарларни қоплаш ишлари Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Ҳодиса тафсилотлари

 2021 йил 7 декабрь куни соат 03:54да Денов тумани фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмларига Денов тумани Боғинав МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган «Инденим» МЧЖга қарашли савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, воқеа жойига биринчи навбатда Денов шаҳрининг, сўнгра вилоятнинг тегишли барча тезкор ва авария хизматларининг куч ва воситалари жалб этилиши ташкил этилган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилиб, чақнаш оқибатида мажмуанинг асосий кириш эшигидан кирилганда, ўнг томондаги 4-6 колонналар орасида 25 кв.м майдонда савдо расталари ҳамда мажмуа ичида бўлган 2 дона «Spark» ва «Cobalt» русумли енгил автомобиллардаги ёнғин бартараф этилган.

Мажмуа ҳақида

Мажмуа 2012-2013 йилларда «Сурхонматлуботсавдо» МЧЖ томонидан қурилган, 2 қаватли, майдони 4 минг 768 кв.м ни ташкил этади. Бинонинг юк кўтарувчи конструкциялари темир-бетон колоннали, биринчи ва иккинчи қаватлараро ёпмаси темир-бетон плитали, тўсувчи (секторларга булувчи) конструкциялар колонналари оралиғи пишган ғишт билан қурилган, том ёпмаси металл конструкциялар устидан «сендвич панел» билан қопланган.

Мажмуанинг биринчи қаватида озиқ-овқат маҳсулотлари, иккинчи қаватида кийим кечак моллари билан савдо қилиш расталари жойлашган бўлган.

Ўрганиш тафсилотлари

Ҳодиса натижасида энг кўп зарар кўрган жой бинога олд томондан кирилганда чап узоқ бурчакнинг чап томонидаги девордан тахминан 15 метр, бинонинг орқа деворидан тахминан 10 метр узоқликда жойлашган жой бўлиб, ушбу жойдаги темир-бетон конструкциялар маркази (эпицентр)дан ташқарига қараб ҳажмли портлашга хос деформацияланган.

Содир бўлган ҳажмли чақнаш ва ҳосил бўлган ортиқча босим оқибатида қаватлараро ёпманинг темир-бетон плиталари юқори томонга ва деворлари эпицентрдан қарама-қарши томонига ҳаракатга келиб, томнинг ригелларига ва юк кўтариб турувчи колонналарига зарба билан урилиши натижасида мазкур ригеллар ва колонналар шикастланиб, деформацияга учраган.

Мазкур объектда портловчи моддалар қўлланилганлиги ўрганилганда, портловчи моддалар излари мавжуд эмаслиги ҳамда портлашга хос бўлган ўзгаришлар, яъни, «воронка» ва портлатиш қурилмасининг бўлаклари аниқланмаган.

Ҳодиса содир бўлган жойда олиб борилган очиш (кавлаш) ишлари натижасида бино остидан фойдаланишда бўлмаган, диаметри 57 мм бўлган газ қувури ўтганлиги аниқланди.

Ушбу газ қувури тўлиқ йўналиш бўйлаб очиб (кавлаб) кўрилганда, бир томони ёпилганлиги, иккинчи томони «Сурхон капитал мобил» МЧЖга қарашли «АСР» савдо дўконига кириш зинаси остидаги газ тармоғидан узилмаганлиги аниқланган.

Йиллар давомида «Сурхон капитал мобил» МЧЖга қарашли «АСР» савдо дўкони биноси остки қисмидан (пойдевор орасида) ўтган газ қувурига уланган «Инденим» савдо мажмуаси биносининг остида қолиб кетган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувури мавжудлиги аниқланган.

2021 йилнинг 6 декабрь куни «Ҳудудгаз Сурхондарё» филиалининг Денов шаҳаргаз таъминоти бўлими томонидан «Сурхон капитал мобил» МЧЖга қарашли «АСР» савдо дўкони биноси остки қисмидан (пойдевор орасида) ўтган газ қувури ўрта босимли газ оқими тармоғига уланган.

Мазкур ўрта босимли (500 даПа (0,05 кгс/кв.см)дан 0,3 МПа (3 кгс/кв.см)гача) газ қувури Денов тумани ҳокимлигининг қозонхонасини газ билан таъминлаш учун 1987 йилда қурилган. 2013 йилда қувур устига «Инденим» савдо мажмуаси биноси қурилган, иш жараёнида ушбу қувурнинг ўрнига бино периметри буйлаб ҳокимлик қозонхонасигача янги газ қувури тортилган бўлиб, бино остидаги қувур тармоқдан узилмасдан қолиб кетган.

Натижада «Инденим» савдо мажмуаси биносининг остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувурининг коррозия оқибатида ҳосил бўлган ёриқлардан (6 жойидан 3-13 см катталикда) сизиб чиққан табиий газ бинонинг ички қисмида газ-ҳаво аралашмаси йиғилиши натижасида чақнаш содир бўлган.

Ҳукумат комиссиясининг хулосаси

Олиб борилган тадқиқот ва таҳлилилар натижаларига кўра, фожианинг юз беришига сабаб бўлган омиллар юзасидан Ҳукумат комиссиясининг хулосаси қуйидагича:

Биринчидан, Денов тумани Боғинав МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган «Инденим» савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш портловчи моддалар қўлланилганлиги натижасида содир бўлмаган;

Иккинчидан, Денов тумани Боғинав МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган «Инденим» савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш мажмуа остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмасининг ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқуннинг таъсири натижасида рўй берган.

Содир бўлган ҳолат буйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Айбдорлар ва уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар тергов ишларининг якунига кўра ўрнатилган тартибда суд органлари томонидан белгиланади ва бу ҳақда қўшимча баёнот берилади.