4 та ҳудудда чет эл валютасининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

4 та ҳудудда чет эл валютасининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва ИИВ Транспортда ХТББлари томонидан валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш юзасидан Шайхонтоҳур тумани, Жарариқ кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.И. ва Н.Н.лар олдиндан ўзаро тил бириктириб, 3 600 АҚШ долларини фуқаро Ш.га 40 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Шу каби, Департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.З. 3 400 АҚШ долларини фуқаро А.га 37,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ёки, Яккабоғ туманида ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса, фуқаро А.Р. 3 000 АҚШ долларини 33,3 млн сўмга фуқаро О.га сотган вақтида ушланиб, жами 3 100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундан, Миришкор туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар К.Д. ва Т.М.лар ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.га 3 300 АҚШ долларини 36,9 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Шунингдек, юқоридаги фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича олиб борилган тезкор кузатувларда улар доимий равишда валюта қимматликларини қонунга зид равишда айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, чет эл валютасини айирбошлашни фақат банк муассасаси ёки унинг шаҳобчалари орқали амалга оширишингизни сўраб қоламиз, бу билан нафақат ўзингизни асраган бўласиз, балки қалбаки валюта қимматликларига дуч келишни олдини оласиз.