Самарқандда 11,5 килолик тилла қумини пуллаётган шахслар қўлга олинди

Самарқандда 11,5 килолик тилла қумини пуллаётган шахслар қўлга олинди

Самарқандда 50 минг АҚШ доллари эвазига олтин кукунини сотмоқчи бўлган 6 нафар шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан икки нафар фуқаро Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган. Унда аризачилар Навоий вилоятида яшовчи бир гуруҳ шахслар уларнинг ишончига кириб, 50 минг АҚШ доллари эвазига 11,5 кг. олтин кукунини сотишини ва Самарқанд шаҳрига олиб келиб беришларини айтганлигини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида, Самарқанд тумани Янгиобод МФЙда ўтказилган тезкор тадбир давомида 6 нафар шахслар ариза муаллифларига 11,575 кг. олтин кукунини 50 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.