Сирдарёда портлаган автобус бўйича жиноят иши қўзғатилди

Сирдарёда портлаган автобус бўйича жиноят иши қўзғатилди

Сирдарёнинг Оқолтин туманида газ баллони портлаган Isuzu автобуси бўйича «Ўзавтосаноат» ва бошқа масъул ходимлар текширув ўтказди. Унга кўра, газ баллонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда ўрнатилганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

18 август куни таҳминан соат 14:30 ларда Сирдарёнинг Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида Isuzu автобусининг газ баллони портлаган эди. Оқибатда 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги Комплаенс хизмати ходимлари ҳамда «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ҚК масъул ходимлари томонидан воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, давлат рақами 90 946 WАА бўлган «ISUZU SAZ NP21» русумли мазкур автобус дизель ёқилғисида харакатланишга мослашган ҳолда 2012 йилда «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилиб, корхонанинг Хоразм вилоятидаги расмий дилери орқали сотилган.

Кейинчалик, автобусни сотиб олган корхона томонидан 2014 йилда 60 литр сиғимли, 6 дона газ баллонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда, унинг уст қисмига ўрнатилган.

Бундан ташқари, ушбу автобус бир йиллик кафолат даврида кафолат талаблари бўйича белгиланган даврий кўрикдан ўтказиш масаласида расмий дилерга мурожаат қилмаган.

Таъкидланишича, кафолатли хизмат кўрсатиш соҳаси сиёсатига кўра, автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолларда, берилган кафолат доирасидан ўз-ўзидан чиқиб кетади.

Юқоридаги ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилиб, Жиноят кодексининг 262-моддаси (Транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.