Бухорода банкоматлар ёнган. Вилоят ФВБ ҳолат бўйича маълумот берди

Бухорода банкоматлар ёнган. Вилоят ФВБ ҳолат бўйича маълумот берди

Кеча, 4 сентябрь куни Бухоро шаҳар Дўстлик маҳалласидаги «Тенге» банк АТБга тегишли банкоматларда ёнғин содир бўлган.

Вилоят ФВБ берган маълумотга кўра, бошқарманинг навбатчилик қисмига банкоматларда ёнғин келиб чиққани тўғрисидаги хабар соат 20:14 да келиб тушган.

Ёнғин оқибатида қурилманинг 24 квадрат метр том ва девор пластик қопламалари ёнган. Воқеа жойига 2 та қутқарув автоэкипажлари жалб этилиб, соат 20:17 да у ерга етиб борган ва 20:28 да тўлиқ ўчирилган.

Шунингдек, ёнғиндан банкоматлар қурилмасининг 20 квадрат метр майдони ва «Тенге» банкка қарашли банкоматлар тўлиқ (4 дона) сақлаб қолинган.

Бирламчи маълумотга кўра ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби электр симларининг қисқа туташуви деб тахмин қилинмоқда.

Ҳозирча моддий зарар аниқланмаган. Ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари кузатилмаган.