«Док-1 Макс» сиропида этиленгликоль даражаси меъёрдан 300 баравар юқори бўлган

«Док-1 Макс» сиропида этиленгликоль даражаси меъёрдан 300 баравар юқори бўлган

Ҳиндистон дори воситаси Ўзбекистонда камида 19 боланинг ҳаётига зомин бўлган Marion Biotech компаниясининг гувоҳномасини тўхтатиб қўйди. Фармацевтика агентлиги Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонасига «Док-1 Макс» таркибидаги этиленгликоль миқдори меъёрдан 300 баравар юқори эканлигини маълум қилди.

Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (Pharmexcil) Ўзбекистонда энг камида 19 нафар бола ўлимидан сўнг «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech компаниясининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Mint нашри хабар бермоқда. Аввалроқ корхонанинг барча ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилгани маълум бўлган эди.

Қарор Marion Biotech Pharmexcil`нинг 28 декабрда «Док-1 Макс» тўғрисидаги маълумот сўровига ўз вақтида жавоб бермаганидан кейин қабул қилинди.

Компания Pharmexcil билан 2010 йилда кичик партиялар ишлаб чиқарувчиси ва 2016 йилдан буён савдо экспортчиси сифатида рўйхатдан ўтган.

«Биз Marion Biotech`дан кўриб чиқилаётган дори воситасини етказиб берган лицензиатлар, импортчиларнинг исмлари ва маълумотлари, боғланиш учун маълумотлар, лицензияларининг нусхалари ҳамда ушбу маҳсулотлардан фойдаланишга рухсатномалар тўғрисида маълумот сўрадик, шунингдек, тахмин қилинаётган жиддий нохуш оқибатлар сабабларини ўргани ҳамда зарур чоралар кўриш учун кенгашни унинг натижаларидан хабардор қилишни маслаҳат берган эдик. Фирмадан 29 декабрь куни иш куни тугашигача жавоб бериш сўралган. Бироқ кенгашга материаллар/нохуш ҳодисалар тўғрисида ҳисоботлар ҳеч қандай материаллар/ҳисоботлар келиб тушмади», — деди Pharmexcil бош директори Удая Бхаскар интервьюда.

Pharmexcil Marion Biotech раиси ва бошқарувчи директори Сачин Жаинга йўллаган мактубида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги вазиятни назорат остига олиш вазифасини бажариб, воқеани жиддий қабул қилганини айтди.

Фармацевтика агентлиги Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига препаратлар партиясида этиленгликоль борлиги, бу тиббий қоидаларда белгиланган меъёрдан 300 баравар юқори эканлиги ҳақида маълум қилди. Бунинг ўрнига унинг таркибида пропиленгликоль (бактерицид таъсирга эга озиқ-овқат қўшимчаси) бўлиши керак эди, дейилади хатда.

«Компаниянгиз томонидан ностандарт дори-дармонларни етказиб бериш 18 боланинг ўлимига олиб келди, Ҳиндистон фармацевтика саноатининг обрўсига путур етказди, шунингдек, Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро агентликларнинг ишончига таъсир қилиши мумкин», — деди Бхаскар.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар «Док-1 Макс» сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатганини маълум қилган эди.

«Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1−2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради», — дейилади вазирлик хабарида.

«Газета.uz» Республика шошилич тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимида яна 10 нафарга яқин бола Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари, жумладан, «Цинепар Кид», «Амбронол» сиропларини ичиш натижасида юзага келган буйрак етишмовчилигидан даволанаётгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспорти бўйича 44-ўринда, МДҲ минтақасида эса иккинчи ўринда туради.

2021 йилда фармацевтика маҳсулотлари экспорти 142 млн доллар, 2022 йил апрелдан ноябргача — 84,6 млн долларни ташкил этди.