Сирдарё вилоятида ўтган 9 ой мобайнида 101 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган

Сирдарё вилоятида ўтган 9 ой мобайнида 101 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган

Сирдарё вилояти ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ҳайдовчилар томонидан жами 101 минг 580 та қоидабузарликлар аниқланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, 40 минг 355 та қўпол қоидабузарликлар, 982 та транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ва пиёдалар иштирокида содир этилган қоидабузарликлар бўйича 11 минг 790 та ҳолат қайд этилган.

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан қоидабузарликлар камайишига эришилган бўлса-да, айрим кўрсаткичлар ҳали ҳам юқорилигича қолган.

Жумладан, вилоятда жами содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 4 тага камайиб, 101 тани (3,8 фоизга кам) ташкил қилган. Оғир тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалар 4 тага камайиб, 62 та (6,1 фоизга кам) қайд этилган.

2020 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этган фуқаролар сонида ўзгариш кузатилмаган – 39 та ўлим ҳолати қайд қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда карантин чекловлари юмшатилгандан сўнг содир этилган ЙТҲлар статистикаси маълум қилинганди.