“Шарманда қиламан”: Қашқадарёда товламачи “ошиқ” йигит қўлга олинди

“Шарманда қиламан”: Қашқадарёда товламачи “ошиқ” йигит қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида бир қизни қариндошлари ўртасида шарманда қилиш билан қўрқитиб, товламачиликка қўл урган йигит ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилмоқда.

Маълум бўлишича, фуқаро И.Қ. Қарши шаҳар ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, 21 ёшли Шаҳзод Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Аёлнинг сўзларига кўра, йигит унинг қизи С. билан телефон орқали бўлган сўзлашувларини ёзиб олган ва қариндошларига тарқатмаслик эвазига 1000 доллар талаб қилган.

Йигит ўтказилган тезкор тадбир жараёнида махсус кимёвий ишлов берилган 1000 долларни олган вақтида ушланган. Ушбу пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.