Қорақалпоғистонда ЙТҲ: тунда видеоселектордан қайтаётган уч нафар майор ҳалок бўлди

Қорақалпоғистонда ЙТҲ: тунда видеоселектордан қайтаётган уч нафар майор ҳалок бўлди

Ижтимоий тармоқда Қорақалпоғистонда жазони ижро этиш хизматининг уч нафар ходими тунги вақтда мажлисдан қайтаётиб, йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти мазкур хабарга расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, кеча, 26 ноябрь куни соат 00:10 ларда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” автомобиль йўлининг 708-километрида жазони ижро этиш хизмати ходими И.И. хизмат жойидан яшаш хонадонига қайтаётган вақтда ўзига тегишли бўлган Cobalt автомашинасини бошқараётиб, қарама-қарши томонларни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган.

Ҳодиса оқибатида транспорт воситасида бўлган ЖИЭМ ходимлари М.Х. ҳамда Х.Х. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, И.И. эса кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилади”, дейилади расмий хабарда.