Самарқандда яширин казино ташкил этилгани аниқланиб, бир гуруҳ кишилар ушланди

Самарқандда яширин казино ташкил этилгани аниқланиб, бир гуруҳ кишилар ушланди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги хонадонларнинг бирида яширин қиморхона ташкил этилгани аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Вазият 24» информацион дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, мазкур фуқаро киракашлик фаолиятидан ташқари қўшимча моддий даромад топиш мақсадида ўзининг яшаш хонадонида таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини ташкил этиб келган.

Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан 21 ноябрь куни олиб борилган тезкор профилактик тадбирлар давомида 34 ёшли фуқаро 19 кишига қимор ўйинларини ташкил қилаётганида ушланган.

Воқеа жойидан олинган 24 дона ўйин билетлари, 90 дона ўйин тошлари ҳамда ўйин иштирокчиларидан йиғиб олинган жами 8 миллион 400 минг сўм ва 300 доллар миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Хабарда айтилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.