Гўзаллик нархи. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари Тошкентда озиш учун хавфли бўлган FatZorb препарати сотилишининг олдини олишган

Гўзаллик нархи. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари Тошкентда озиш учун хавфли бўлган FatZorb препарати сотилишининг олдини олишган

Ҳозирги дунёда мода индустрияси гўзаллик ҳақидаги тасаввурларга кучли таъсир кўрсатиб, юқори талабларни қўймоқда. Кўплаб аёллар учун яхши кўриниш озишни англатади. Бир неча кун ичида ўнлаб килограммдан халос бўлишни таклиф қиладиган хавфли дори сотувчилари айнан шу истакдан фойдаланишади. Куни кеча пойтахтда озиш учун тақиқланган FatZorb дори-дармони билан савдо қилаётган бир гуруҳ тадбиркорлар қўлга олинган. Бу ҳақда ИИББ маълумотларига асосланиб, мухбиримиз хабар бермоқда.

Тошкентда тақиқланган ва хавфли моддаларни ўз ичига олган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) билан савдо қилаётган тадбиркорларни аниқлаш бўйича рейд ўтказилган. Тадбир давомида олти киши ушланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари жами 48 миллион сўмлик озиш учун тақиқланган 8640 қути FatZorb препаратини олиб қўйишган.

Сўроқ пайтида тадбиркорлар мамлакатда мазкур препаратга талаб жуда катта эканлиги боис, уни сотишни бошлаганликларини айтишган. Қолаверса, улар республика ҳудудида уни сотиш тақиқланганлигини билишмаган экан.

"Мен ўзим бу препаратни ишлатмаганман ва унинг хусусиятларини билмаганман. Аммо талаб юқори бўлганлиги сабабли, мен уни сотишни бошладим. Мен унинг тақиқланганлигини билмасдим", - деди қўлга олинганлардан бири.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолатлар бўйича терговга қадар текширувлар олиб борилмоқда.

Batafsil.uz. мухбири осонликча гўзалликни қўлга киритмоқчи бўлган ва FatZorb капсулаларини қабул қилган аёл билан суҳбатлашди.

"Аввалига мен ниҳоят озиш учун самарали воситани топишга муваффақ бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим. Қабул қилишни бошлаганимдан бир неча кун ўтгач, иштаҳам бутунлай йўқолди. Мен номигагина овқатланиб юрдим. Ўн кундан кейин озишни бошладим. Қувончимнинг чегараси йўқ эди. Бироқ, ички босим кўтарилди ва асабийликни сеза бошладим. Табиатан қувноқ одам бўлсамда, мен қандайдир ёпиқ бўлиб қолдим, тез-тез йиғлардим. Аммо энди мени тўхтатишнинг иложи бўлмади. Натижада 36 кун ичида 12 килограммдан ортиқ вазн йўқотдим",- деди аёл.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, бундай озиш натижасида доимий кўнгил айниш, қусиш ва соч тўкилиш юз берган.

"Менга дастлаб бу зарарсиз француз препарати эканлигини айтишди. Мен уни Телеграмдаги гуруҳлардан бирига буюртма қилдим. Курьер олиб келди, етказиб бериш учун пул олмади. Кейин 200 минг сўм тўладим. Энди, албатта, мен нафақат соғлиғимни, балки ҳаётимни ҳам хавф остига қўйганимни тушунаяпман", - дея хулоса қилди у.

Таҳририятдан шуни айтмоқчи эдикки, қанча одам бўлса, шунча фикрлар бўлади. Баъзилар машаққатли машғулотларга киришади, бошқалари парҳезни бошлашади, аксарияти эса осон йўлни танлаб, вазн йўқотиш учун дори-дармонларни танлайдилар. Бироқ, ҳеч қандай куч сарфламасдан озишни истаганлар охир-оқибат озиш учун ҳар қандай дорилар ён таъсирга эга эканлигини тушунишади.

Улардан фойдаланиш охир-оқибат уйқусизлик, ҳаддан ташқари қўзғалиш, бош оғриғи, юрак уриш тезлигининг ошиши, қон босимининг кўтарилиши ва бошқа жиддий муаммоларига олиб келиши мумкин.