Контрабандачи Ўзбекистонга отда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган телефонларни олиб кирмоқчи бўлган. Видео

Контрабандачи Ўзбекистонга отда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган телефонларни олиб кирмоқчи бўлган. Видео

Давлат божхона қўмитаси маълумотлари асосида мухбиримиз хабар беришича, контрабандачи Ўзбекистонга умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган телефонларни отда олиб кирмоқчи бўлган. 

Андижон вилояти божхоначилари отда учта юкхалта олиб кетаётган одамни тўхтатишган. Текширув давомида халталарда ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 279 дона iPhone, Redmi ва Samsung смартфонлари топилган. Телефонларнинг умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ошган. 

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилнинг 11 ойи якунларига кўра, Ўзбекистонга умумий қиймати 181 миллион доллардан зиёд 2.7 миллион дона турли хилдаги уяли телефонлар расман олиб кирилган. 

Шу билан бирга, телефонлар импорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 185 мингтага ошган. Етказиб берувчиларнинг кучли учталигига Хитой (2,1 миллион дона телефон), БАА (247,5 минг) ва Вьетнам (199 минг) кирган. 

2019 йил ноябргача Ўзбекистонда мобил қурилмалар контрабандаси авж олганди. Бу импорт қилинадиган маҳсулотлар умумий ҳажмининг 87% га етарди. Шундан сўнг, UZIMEI тизими жорий этилди. Бу тизим бир томондан контрабандани чеклаб қўйди, аммо бошқа томондан, оддий фуқаролар учун телефонни рўйхатдан ўтказишда жуда кўп ортиқча қийинчиликларни туғдирди.