Мирзачўлда сув назорати соҳасида 244 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди

Мирзачўлда сув назорати соҳасида 244 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди

 Сувнинг ҳар бир томчисини қадрлаш нақадар зарурат эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақоза қилмоқда. Шу маънода қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам долзарб аҳамиятига эга бўлиб, сув истеъмолчиларининг ушбу талабларга риоя этишлари ҳамда жойларда содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш устидан “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган.

Мирзачўл туманида бу борада амалга оширилаётган ишларга тўҳталадиган бўлсак, сув назорати бўйича жами 413 та назорат тадбирлари олиб борилган. Шундан 35 таси текшириш, 378 таси мониторинг тартибида олиб борилган. Ушбу тадбирлар давомида 244 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, бу бўйича 251 та огоҳлантириш хатлари, 129 та ёзма кўрсатмалар берилган. Тегишли ташкилотларга эса 16 та тақдимнома киритилиб, 33 та ҳолат бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Қонунбузарларга нисбатан 8 млн 198 минг сумлик жарималар қўлланилган. 19 та маъмурий материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун судларга юборилган. Бундан ташқари, 47 та материал юзасидан 17 млн 605 минг сўм молиявий санкциялар қўлланилган.

 

Бугунги кунда жами 30 минг 400 гектар суғориладиган ер майдонлари мавжуд бўлиб, шундан 12 минг 500 гектарига пахта экилган. Ҳозирда ушбу майдонларда суғориш ишлари давом этиб, шу кунга қадар 8 минг 125 гектар пахта майдони иккинчи сувдан чиқарилди.

Кези келганда айтиш жоизки, қишлоқ хўжалигида сувга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг йилдан йилга ортиб бораётгани, тақчиллик кузатилаётгани суғориш ишларида жиддий муносабатни ўрнатиш кераклигини эслатмоқда. 

Инспекторлар томонидан экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигини олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар, ғўзани суғоришнинг самарали йўллари, истеъмолчиларнинг сувдан фойдаланиш бўйича маданиятини ошириш билан боғлиқ муҳим вазифалар юзасидан жойларда тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамай экинларни кўллатиб суғориш, ноқонуний сув олиш, коллектор-дренажларга оқизиш, сувни ўз ҳолига ташлаб қўйиш сингари ҳолатларга дуч келинмоқда.

Мисол учун, Мирзачўл тумани “Мирзачўл” ФХҲУ ҳудудидаги “Нурли дала 2020” фермер хўжалиги раҳбари З.М сув олишга рухсат этилмаган жойдан 6.660 м3 сув олиб, сувдан хўжасизларча фойдалангани аниқланган. Сувни исроф қилиш оқибатида 445 минг 554 сўм миқдорда иқтисодий зарар етказилган.

Шунингдек, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузишда ифодаланган ҳуқуқбузарликлар “Бегзод Шойзоқов” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Р.Ш томонидан содир этилган. Фуқаро истеъмолчи сифатида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, исрофгарчиликка йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаши лозим бўлсада, 31 гектар пахта майдонини суғоришда сув олиш жойларини, бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан, оби-ҳаётдан хўжасизларча фойдалангани, 0,2 гектар пахта майдонини кўллатиб юборган. Бунда Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 351-моддаси талаби бузилган.

Унга нисбатан қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 245–моддасига мувофиқ, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судига юборилган.

Бу каби қонунбузилиши ҳолатларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин шуниси аниқки, сув ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида ҳам қоида ва меъёрлар, талаблар мавжуд. Ва бу - қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Уни менсимаган, амал қилмаган, ёки четлаб ўтганларга эса жазо муқаррар.

Азиз Нуров

“Ўзагроинспекция”нинг Мирзачўл туман бўлими

катта инспектори