Андижон вилоятида ҳоким ёрдамчилари униформаси учун 855 млн сўм ажратилди

Андижон вилоятида ҳоким ёрдамчилари униформаси учун 855 млн сўм ажратилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг фармойиши билан ҳудуд маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари униформаси учун жами 855 млн сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ҳокимнинг 24 декабрдаги қарори E-Qaror тизимига жойлаштирилган.

Маблағлар вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг 2021 йил учинчи чорак якуни бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилди. Вилоят ҳокимлиги моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун эса 130 млн сўм ажратилди.

Ëрдамчиларнинг ойлик иш ҳақи улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сони 500 тагача бўлса — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари (4,93 млн сўм), агар хонадонлар сони 1000 тадан ортиқ бўлса — МҲТЭКМнинг 7 баравари (5,75 млн сўм) миқдорида белгиланади.

Ҳоким ёрдамчилари ойлиги уларнинг аввалги иш жойидаги маошидан кам бўлса, етишмаган қисми ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.