«UzAuto Motors» тендер эълон қилди

«UzAuto Motors» тендер эълон қилди

Жорий йилнинг 9 март куни «UzAuto Motors» АЖ томонидан 2022-2023 йилларда компания акцияларининг маҳаллий ва хорижий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф (ИПО) орқали жойлаштирилишини ташкиллаштириш учун андеррайтерлар консорциумини танлаб олиш бўйича расмий тендер эълон қилинди.

Потенциал инвесторларни аниқлаш, бозор шароитини ва ИПО жараёнини ташкиллаштирувчи банк-андеррайтерлар фикр-мулоҳазасини ўрганиш мақсадида 2021 йил октябр-ноябр ойларида компания томонидан «JP Morgan», «Citi», «Credit Suisse», «Raiffeisen Bank International», «Societe Generale», «Natixis» ва «Gazprombank» каби хорижий инвестицион банклар ҳамда республикада фаолият юритаётган тижорат банклари ва брокерларга тавсиялар учун сўровномалар юборилган.

Келиб тушган тавсияларни таҳлил қилган ҳолда, «UzAuto Motors» АЖ томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда ИПО ҳажми ва шартлари бўйича тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди ҳамда андеррайтерлар консорциумини танлаб олиш бўйича расмий тендер эълон қилинди. Мазкур тендерда маҳаллий андеррайтерлар билан бир қаторда андеррайтинг фаолиятини олиб борувчи хорижий банклар ва инвестиция воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин. Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги ПҚ–90-сон қарорига билан 2023 йил 31 декабрга қадар эксперимент тариқасида хорижий банклар ва инвестиция воситачиларига Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ва ўз маблағларининг миқдори 500 млн сўмдан кам бўлмаган маҳаллий юридик шахслар билан шартнома тузган ҳолда, андеррайтинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.

Расмий тендер Ўзбекистон Республикаси Давлат харидлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси веб-сайтида эълон қилинди.

Тендернинг тугаш санаси 11-04-2022 13:00 этиб белгиланди.

«UzAuto Motors» АЖ томонидан маҳаллий ва хорижий фонд бозорларида ИПО амалга оширилиши компания учун янги инвестиция лойиҳаларни амалга оширган ҳолда фаолиятни янада кенгайтириш, инвестицион жозибадорликни ошириш, корпоратив бошқарувни халқаро стандартларга мослаштириш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш имконини беради. Шунингдек, мазкур ИПО айниқса маҳаллий бозорда инвесторлар учун жозибадор бўлган янги қимматли қоғозлар таклифини шакллантиради ва ликвидлик ошишига ҳисса қўшади.

Маълумот учун: «UzAuto Motors» АЖ 1993 йилда ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги ягона йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. Компания томонидан бугунги кунда йилига 360 мингга яқин 12 турдаги автомобил моделлари ишлаб чиқарилади. Унинг асосий ишлаб чиқарувчи заводи Ўзбекистоннинг шарқий нуқтаси бўлган Андижон вилоятининг Асака шаҳрида жойлашган бўлиб, унда Chevrolet Spark, Nexia-3, Cobalt ва Lacetti моделлари ишлаб чиқарилади ҳамда Ўзбекистоннинг ғарбидаги Хоразм вилоятининг Питнак шаҳрида эса Damas ва Labo автомобиллари ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда Компания таркибида 11 мингдан ортиқ (маҳаллий бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хисоблаганда 18 мингдан ортиқ) ишчи ва ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Компания 2020 йилнинг якуни бўйича 293 минг дона автомобиллар ишлаб чиқариш орқали 2,624 миллион доллар соф тушум топган бўлиб, шундан 177 миллион доллари экспорт орқали амалга оширилган.

Компания Chevrolet Onix ва Tracker автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш мақсадида 2021 йил апрел ойида Лондон фонд биржасида ўзининг илк корпоратив халқаро облигацияларини 300 млн АҚШ доллари миқдорида 5 йил муддатга муваффаққиятли жойлаштирди.