Нархларни 5-10 фоизга арзонлаштириш керак. Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига тўхталиб ўтган

Нархларни 5-10 фоизга арзонлаштириш керак. Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига тўхталиб ўтган

Ўтган ҳафта пайшанба куни Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш бўйича йиғилиш ўтказган. Давлат раҳбари нархларни 5-10 фоизга пасайтириш зарурлигини таъкидлаган.  

“Барча тенденцияларни таҳлил қилиш ва тезкор қарорларни қабул қилиш учун Бош вазир ва президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари бошчилигида Республика штаби ташкил этилмоқда, у ерда ҳар куни барча долзарб ва асосий масалалар кўриб чиқилади. Вилоят ҳокимлари ва вазирлик раҳбарлари ҳам ушбу штабга аъзо бўладилар", - деди Мирзиёев. Унинг нутқидан олинган парча “Ўзбекистон-24” телеканалида намойиш этилган.

Президентнинг сўзларига кўра, штаб ҳар куни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини кўриб чиқиши ва шу асосда аниқ чоралар кўриши керак.

“Айниқса, муқаддас Рамазон ойида озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш керак. Бу хусусан,   ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тааллуқлидир. Нархларни 5-10 фоизга камайтириш керак бўлади. Барчамиз учун муқаддас ойда бу жуда яхши нарса эканлигини барча бизнес вакилларига яна бир бор тушунтириш керак", - деди президент.

Унинг сўзларига кўра, уддабурон ва ташаббускор тадбиркорларни кўпроқ жалб этиш зарур.

"Агар улар учун қулай шароит яратилса, кўплаб масалалар ўз ечимини топади. Асосийси, улар учун устуворликларини тўғри аниқлаш лозим. Бундан ташқари, уларда тажриба, имкониятлар ва шароитлар мавжуд”,-дея қўшимча қилди у.

Шуни таъкидлаш керакки, нархларнинг пасайиши, бошқа чоралар қатори, акциз солиғи ва божхона тўловлари ставкаларини пасайтириш орқали таъминланмоқда. Президент томонидан пайшанба куни берилган ва уч кун ичида бажарилиши лозим бўлган топшириққа мувофиқ, республика штаби шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар озуқаси, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришда акциз солиғи ва божхона тўловлари ставкаларини қайта кўриб чиқиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритиши керак.