Ўзбекистонда иккита янги олтин кони очилди

Ўзбекистонда иккита янги олтин кони очилди

7 апрель куни Навоий вилоятининг Томди тумани ҳудудида «Мурунтов» кони таркибида «Балпантоғ» ва «Томдибулоқ» конларининг очилиш маросими ва бу ерда биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

«Балпантоғ» ва «Томдибулоқ» конлари базасида қазиб олиш кончилик корхонаси барпо этилиши, бу ерда янги иш ўринлари яратилаётганлиги маҳаллий аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда, дейилади хабарда.

Янги конларнинг олтин таркибли маъдан захиралари комбинатнинг 2-гидрометаллургия заводига 33 километрлик темир йўллари орқали ташилади.

Конлар 40 миллион тоннадан ортиқ маъдан захирасига эга.

Фото: «Ngmk.uz»

Конлардан қарийб 15 йил мобайнида йилига 3 миллион тоннадан олтинга бой маъдан қазиб олинади. Бу ишларни бажариш учун конга 7 та гидравлик экскаватор, 5 та бурғилаш қурилмаси, 23 та автоағдаргич, 2 та тепловоз ва бошқа кўплаб кон техникаларини харид қилиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда битта замонавий гидравлик экскаватори, 90 тонна юк кўтариш қувватига эга 10 та автоағдаргич келтирилди. Бугундан кон юзасини очиш ишлари бошланган.

Лойиҳа доирасида конда 653 та янги иш ўрни яратилгани айтилмоқда.