1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ўсимлик ёғини экспорт қилишга вақтинчалиқ тақиқ ўрнатилмоқда

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ўсимлик ёғини экспорт қилишга вақтинчалиқ тақиқ ўрнатилмоқда

2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда ўсимлик ёғини экспорт қилишга вақтинчалиқ тақиқ ўрнатилмоқда. 

Бу давлат раҳбарининг “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш ва монополияга қарши чоралар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган. Бу ҳақдаги маълумот Ўзбекистон Президенти администрациясига яқин бўлган "Нигоҳ" Телеграм-канали эълон қилган.

Экспортни тақиқлаш пахта ва кунгабоқар ёғига нисбатан ўрнатилган. 2022 йил 1 июнгача тузилган амалдаги шартномалар бўйича олдиндан тўлов қилинган ҳолатлари, шунингдек “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига мувофиқ ишлаб чиқарилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, кунгабоқар уруғлари, мевалари ва бошқа мойли ўсимлик уруғларини экспорт қилиш тақиқланади (ТН ВЭД кодлари - 1206 00 ва 1207).

Ушбу товарлар ички бозорда етарли ҳажмда бўлганида ҳукумат экспорт қилишга рухсат бериши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистонга олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинча тўхтатилган (2023 йил 1 январгача).

Шунингдек, ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 майдан 2023 йил 1 январгача бир қатор импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловлари бекор қилинмоқда. Кеча Ўзбекистон Президенти 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун божхона тўловлари вақтинча бекор қилинишини айтиб ўтган.