Рақамли иқтисодиёт: тараққиёт сари қисқа йўл

Рақамли иқтисодиёт: тараққиёт сари қисқа йўл

Дунёда иқтисодиёт тармоқлари ўзгариши, бу жараённинг рақамлашуви, мобиллашуви, соҳага сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ муҳим даврни бошдан кечирмоқда. 2022 йилга келиб дунё ЯИМнинг қарийб чорак қисми рақамли секторга тўғри келиши прогноз қилинаётган бир шароитда янги иқтисодиётни ривожлантириш зарурати янада ойдинлашади.

Ривожланган давлатларда рақамли иқтисодиётни жорий этишга аллақачон киришилган. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологияларнинг ривожланиши шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётига рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан эришиб бўлмайди.

Янги иқтисодиёт нима?

Бугун жадаллик билан кечаётган рақамлашув жараёни “янги иқтисодиёт”ни вужудга келтирди. Кам ўрганилган ва кун сайин чуқур томир отиб бораётган бу бозор сегменти ишлаб чиқарувчиларга бизнесда самарали маркетинг кампаниялари уюштириш, минимал харажат қилиб, максимал фойда олиш, товар ва хизматларни муваффақиятли сотишнинг оптимал усулларини тақдим этади. Истеъмолчи, харидор ва мижозларга сифатли хизмат, қулайлик яратилади. Бу вақтингиз тиғиз пайтида Интернет орқали тушликка буюртма бериш, мобил илова орқали такси чақириш, узоқдаги яқинингизга пул жўнатишдан кўра кенгроқ имкониятлар бўлиб, трансчегаравий бизнес ҳамкорлик, электрон тижорий майдон, масофавий офис кабиларни ҳам қамраб олади.

Рақамли иқтисодиёт рақамли технологияларга асосланган, электрон бизнес, электрон тижорат билан боғланган, рақамли товар ва хизматлар ишлаб чиқараётган ва тақдим этаётган иқтисодий фаолиятдир. Бунда иқтисодий хизмат ва товарлар учун ҳисоб-китоблар электрон пул орқали амалга оширилади. Рақамли иқтисодиёт концепцияси атомдан битга, яъни кимёвий энг кичик заррадан электрон бирликка ўтишга асосланади.  

Рақамли иқтисодиёт алоҳида фаолият турини эмас, балки ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматларда ахборот технологияларидан фаол фойдаланишни англатади. Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс ҳисобланса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар бўлади.

Рақамли иқтисодиёт йирик саноат объектлари иш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда ўсиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради.

ЯИМ 30 фоизга ошади

Нуфузли халқаро ташкилотлар олиб борган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга оширади, шунинг баробарида, хуфёна иқтисодиётга барҳам беради. Халқаро амалиётга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт электрон тижорат ва хизматлар соҳаси билан чекланиб қолмай, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига, хусусан, соғлиқни сақлаш, фан-таълим, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, архив, интернет-банкинг ва бошқа соҳаларга жадал кириб бормоқда ва уларнинг ҳар бирида ўзининг юқори самараларини бермоқда. Давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши — бу рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантириш коррупция иллатига барҳам беради.

Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши, энг аввало, пухта ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, қолаверса, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг узвий ҳамкорлигини таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни рақамли технологиялар билан қамраб олиш, бу борада замонавий билимларни чуқур эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли кадрларни етиштириш, шу орқали, мамлакатда “ахборотлашган жамият” муҳитини яратишга хизмат қилади.

Ақл-заковат ва илм — тараққиёт қанотидир. Замонавий илм-фаннинг чўққиси юқори технологияларда, рақамли оламда кўзга ташланади. Тўртинчи саноат инқилоби тараққиётнинг янги кўриниши — “рақамли иқтисодиёт” бошлангани англатади. Бугунги кунга келиб жаҳонда рақамли иқтисодиёт тараққий этган 20 мамлакатда 2 триллион АҚШ долларини ташкил этаётгани ҳисоблаб чиқилган. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда дунёда пешқадам Буюк Британияда эса у ҳозирнинг ўзида миллий ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизига етди. Рақамли иқтисодиёт технологик ва бизнес жараёнлари, ишлаб чиқариш, логистика ва тайёр маҳсулотларнинг савдосини рақамлаштиришни назарда тутади. Мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб транспорт, геология, таълим, архив каби соҳаларни тўлиқ рақамлаштирилиб,  бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда.  

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси ишга туширилгани рақамли иқтисодиёт ривожи  йўлдаги муҳим қадамлардир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш (виза қўйиш) учун, шу жумладан бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ва тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида ягона электрон тизими “project.gov.uz” жорий этилгани ҳам қувонарли.

“Рақамли тенгсизлик тенгсизликларнинг дояси” бўлиб турган бир пайтда иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш, иқтисодий равнақ топиш, аҳолига қулайликлар яратишнинг асосий шартидир.

Қувонарлиси, бу мамлакатимизда асосий кун тартибидаги масала. Рақамлаштириш борасида Ўзбекистон дадил одимлар билан илдамламоқда.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати