Расмийлар шакар «ажиотажи»ни кутилмаган ҳолат билан изоҳлади

Расмийлар шакар «ажиотажи»ни кутилмаган ҳолат билан изоҳлади

«Ангрен шакар» МЧЖ бош директори Рустам Акбархўжаев шакар «ажиотажи»га изоҳ бераркан, дунё бўйича кутилмаган ҳолат сабаб бўлганини айтган.

«Айни шакар нархи кўтарилган пайтда логистика бўйича муаммоларга дуч келдик. Глобал инқироз туфайли кўплаб бандаргоҳлар ёпилди ва Бразилиядан келадиган шакар хомашёси очиқ денгизда бир муддат қолиб кетди», деган завод директори.

Унинг айтишича, денгиз орқали қўшимча портлар қидирилган ва юк ортилган кемалар шу томонга йўналтирилган. Шу сабабли захирадаги шакар ҳам тугаб, хомашё етиб келгунча 1 ойга яқин вақт йўқотилган.

«Биз дарҳол бир қатор давлатлар билан музокара бошладик. Россия, Литва, Покистон, Грузия, Озарбайжон, умуман бандаргоҳи бор мамлакатлар орқали логистика масаласини ҳал қилдик. Ходимларимиз ҳатто ойлаб ўша ерларда шакар парромлари устида қолиб кетишди. Чунки хомашёни тезроқ олиб келиб, шакар ишлаб чиқаришни кўпайтириш керак эди», деган Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов.

Бугун бир қатор журналистлар учун «Ангрен шакар» заводига пресс-тур ташкил қилинган. Унда шакар хомашёсини олиб келиш, ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва бошқа шу каби жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ҳақда алоҳида тўхталамиз.