Давлат Uzcard`даги 75% улушини сотади

Давлат Uzcard`даги 75% улушини сотади

Давактив Uzcard`даги давлат улушларининг 75 фоизи сотилиши тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Жамият иштирокчилари мазкур улушни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин.

Давлат тендер комиссияси Ягона умумреспублика процессинг марказидаги (Uzcard бренди) 75 фоиз давлат улушини сотиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди, деб хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

«Газета.uz» 2020 йил май ойида президент куёви Ойбек Турсунов компания устав фондидаги 75 фоиз улуш эгасига айлангани ҳақида ёзганди. Ўша йилнинг август ойида у Uzcard компанияси таъсисчилари сафидан чиқди ва 75 фоиз улуш бешта давлат банкига — «Ўзмиллийбанк» (51%) ҳамда 6 фоиздан — «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака» банк, «Ипотека-Банк» ва «Алоқабанк"ка ўтказилди.

2022 йил март ойида иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш дастури доирасида банкларнинг Uzcard ва Тошкент фонд биржасидаги улушлари Давактивга ўтказилди.

Тендер комиссияси Uzcard`нинг 75 фоиз давлат улушини мустақил баҳолаш ташкилотини жалб этган ҳолда баҳолатиб сотилиши тўғрисида қарор қабул қилди.

«Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунга кўра, жамиятнинг қолган иштирокчилари давлат улушини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин. Ҳозирда қолган 25 фоизи (ҳар бири 6,25 фоиздан) тўрт нафар жисмоний шахс — Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Махмуджанович Азадов ва Обид Алимжонович Агзамходжаев ўртасида тақсимланган.

Улар сотиб олишдаги имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланмаган тақдирда ушбу давлат улушини оммавий савдолар орқали сотиш чоралари кўрилади.