Ўзбекистон ҳудудларидаги иқтисодий ўсишнинг омилларга асосланган таҳлили

Ўзбекистон ҳудудларидаги иқтисодий ўсишнинг омилларга асосланган таҳлили

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистонда трансформация жараёнининг моҳияти ва мамлакат ривожланишининг ҳудудий хусусиятларини аниқлаш мақсадида ҳудудлардаги иқтисодий ўсишни омилларга асосланган ҳолда таҳлил қилди.
Тадқиқотда Жаҳон Банки томонидан ишлаб чиқилган JoGG (Job Generation and Growth Decomposition) декомпозицион таҳлил воситасидан фойдаланилди.

Таҳлилнинг бу воситаси иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича меҳнат унумдорлиги ва бандлик соҳасидаги ўзгаришлар ЯИМ (ЯҲМ) нинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улушига қандай таъсир қилишини баҳолаш имконини беради.

Маълумот учун: Декомпозицион таҳлил усулидан фойдаланган ҳолда, Жаҳон Банки дунёнинг турли мамлакатларида «ишсиз ўсиш»нинг сабабларини аниқлаб, камбағалликни қисқартириш омилларини таҳлил қилади. “Ишсиз ўсиш» (jobless growth) — иқтисодий ўсиш жараёнида бандлик даражасининг пасайиши ёки ўзгаришсиз қолишини ифодалайди. Бу атама дастлаб 1935 йилда «The New York Times» газетасида қўлланилган.
Мазкур услубни Ўзбекистон ҳудудлари учун қўллаш уларни ривожлантиришдаги энг муҳим тармоқлар ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини қисқартиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш имконини беради.

Тадқиқотда дастлабки маълумотлар сифатида меҳнат унумдорлиги, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида банд бўлганлар, аҳоли, жумладан, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони каби кўрсаткичлар танлаб олинди. Баҳолаш Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича 2018-2021 йиллар учун амалга оширилди.

Натижаларга кўра, Тошкент, Наманган, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ўсиш мамлакат ҳудудлари бўйича ўртача кўрсаткичдан (111,0%) юқори бўлган. Қолган 6 та ҳудуд мўътадил ривожланиш даражаси билан ажралиб туради (105,9-110,8%).

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг асосий тармоғи (ЯҲМдаги улуши 35,0-54,0%) бўлган Наманган, Жиззах, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ўсиш билан бир қаторда меҳнат унумдорлиги ҳамда аҳоли бандлик даражасининг ортиши кузатилган. Бу эса ҳудудларда иқтисодиётни ривожлантириш янги ишлаб чиқариш қувватларини (ёқилғи-энергетика, электротехника, фармацевтика саноати, хизмат кўрсатиш, қурилиш) барпо этиш ва самарали иш ўринларини яратиш орқали амалга оширилганидан далолат беради.

Шунингдек, таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, Тошкент ва Навоий вилоятлари каби юқори салоҳиятли ҳудудларда (ЯҲМ нинг аҳоли жон боши улуши республика параметридан 1,3-2,8 баравар юқори) иқтисодий ўсиш асосан ҳудудларнинг рақобатбардош устунлигини (металлургия, ёқилғи-энергетика комплекси) шакллантирувчи мавжуд базавий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ҳисобига рўй берган. Ушбу ҳудудлар юқори самарали фаолият турлари, асосан хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларига ихтисослашгани билан ажралиб туради.

Иқтисодий ўсишнинг нисбатан паст даражаси аҳоли зич жойлашган Aндижон ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган (2018-2021 йилларда ЯҲМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ўсиши 7-8% дан паст). Ушбу ҳолат 2019-2021 йилларда бутун дунёда юзага келган беқарор вазият сабабли ишлаб чиқаришнинг бироз пасайиши (масалан, автомобилсозлик ва нефть-кимё саноати, қурилиш) оқибатида юзага келган.

Тадқиқот натижасида ПМТИ экспертлари томонидан ҳудудларнинг мутаносиб иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи юқори самарали тармоқлар аниқланди:
✔️ хизмат кўрсатиш соҳасида — Қорақалпоғистон Республикаси, Aндижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри;
✔️ қурилиш соҳасида — Тошкент шаҳри, Наманган вилояти;
✔️ саноат соҳасида — Aндижон, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари;
✔️ қишлоқ хўжалиги соҳасида — Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари.