Нега Ўзбекистон муқобил энергетикага таянмоқда ва АЭС қурилиши лойиҳасини орқага суряпти

Нега Ўзбекистон муқобил энергетикага таянмоқда ва АЭС қурилиши лойиҳасини орқага суряпти

Анъанавий генерация турлари ўрнини босадиган шамол ва қуёш энергетикасининг экологиклиги ҳақидаги назарияларга чексиз иштиёқ даври ўтмишда қолди ва прагматизм яна ўз таъсирини ўтказмоқда. Кўмир ва атом ишлаб чиқариш, шунингдек, мавжуд газ электр станцияларини модернизация қилиш йўналиши бўйича ўз энергетика сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган Европа Иттифоқи мамлакатлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Энергетика ландшафти шиддат билан ўзгариб бораётганига қарамай, Ўзбекистон муқобил энергия манбаларига ишонган ҳолда, гарчи бу борада саволлар тобора кўпайиб бораётган бўлса-да, Ғарб трендларига амал қилишда давом этмоқда. Мамлакатимиз халқаро инвесторлар томонидан қурилаётган муқобил генерация станцияларидаги электр энергиясини муайян нархда сотиб олиш мажбуриятини оляпти. 2026-йилга қадар умумий қуввати 8000 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.

Муқобил энергетика Ўзбекистонга зарар етказадими ёки ёрдам берадими, у мамлакатни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга қодирми, атом электр станциясини қуриш лойиҳаси давом эттиришга арзийдими каби саволлар билан Подробно.уз мухбири энергетика соҳасидаги мустақил эксперт Евгений Олевскийга мурожаат қилди.

photo_2022-11-09_16-44-07.jpg

– Европа Иттифоқидаги сўнгги воқеалар муқобил энергетика – шамол тегирмонлари ва қуёш станциялари зарур ишлаб чиқариш ҳажмлари билан таъминлай олмаслиги, айниқса, узлуксиз етказиб бера олмаслигини кўрсатди. Мамлакатлар кўмир ва атом электр станциялари ишини тиклаш ҳақида сўзлай бошладилар. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон муқобил генерация яратиш йўлидан боришда давом этмоқда. Сизнингча, бу сиёсат ўзини қанчалик оқлай олади?

— Менинг назаримда, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида бу сиёсат ўзини оқламайди. Бир қанча важларни келтириб ўтаман. Кўпинча “узилишли ишловчи” дея таъриф бериладиган қуёш ва шамол генерацияси кўмир ёки атом иссиқлик электр станцияларига қараганда қимматроққа тушади. Узилишлар билан ишловчи генерациянинг белгиланган қуввати анъанавий генерацияга қараганда уч баравар қиммат.

Бундан ташқари, даврий узилишли генерация мамлакатда электр энергияси нархини оширади. Сабабини тушунтираман. Масалан, мамлакатимизга 1 ГВт.лик қўшимча қувват керак. Биз 1 ГВт қувватга эга қуёш электр станцияларини қурган тақдиримизда ҳам барибир қўшимча 1 ГВт анъанавий генерацияни барпо этишимиз зарур бўлади, чунки қуёш тунда энергия бермайди. Шу тариқа, мамлакат қуёш панелларини қуриш учун қўшимча харажатларни ўз зиммасига олишга мажбур бўлади.

Шамол тегирмонлари билан ҳам вазият худди шундай: ҳар қандай шамол қувватлари учун анъанавий генерацияни барпо этиш орқали захира яратиш керак бўлади. Бундан ташқари, қуёш станциялари кундузи ёки шамолли вақтларда анъанавий генерациядан сотув бозорини “тортиб олади”, яъни анъанавий генерация ўзини оқлаш учун кечқурун ёки шамол бўлмаганда нархларни кўтаришга мажбур бўлади.

Албатта, шамол ва қуёш энергиясидан муваффақиятли фойдаланиш истиқболини истисно этиб бўлмайди, аммо бунинг учун инсоният арзон аккумуляторларни ишлаб чиқаришни ўрганиши талаб этилади. Бироқ бу ҳолатда ҳам молиявий қийинчиликлар юзага келади, чунки тунги ёки шамолсиз истеъмолни қоплаш учун узилишли генерациянинг ўрнатилган қувватини бир неча баробар ошириш учун улкан маблағларни йўналтириш зарурати туғилади.

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда узилишли генерациянинг маълум қилинган молиявий параметрларининг аксарияти жуда оптимистик руҳиятда бўлиб, ушбу генерациянинг ҳақиқий рентабелсизлигини яширади.

Ўзбекистон учун яна бир салбий омил шундаки, узилишли генерация коррупция имкониятларини оширади, чунки у ҳамиша ва ҳамма жойда дотация (давлат ёрдами) ёки электр энергиясини сотиб олиш нархининг оширилиши билан боғлиқ. Бу электр энергиясининг улгуржи нархи ва охирги истеъмолчи учун сотиш нархи ўртасидаги манипуляциянинг турли схемалари яратилишига олиб келади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, узилишли генерациянинг катта қувватларини улаш мамлакат энергетика тизимининг умумий барқарорлигига путур етказиши мумкин. Буни тушунтириш жуда осон: унда асосий омил - назорат қилиш хусусияти йўқолади. Масалан, ҳозирда электр энергияси шамол станциясидан узатилиб турибди, бир неча соатдан кейин эса шамол етишмаслиги ёки жуда кучли бўлганлиги сабабли кескин тўхтайди. Натижада битта ҳудудда таъминотнинг узилиши занжир бўйлаб бутун тизимнинг қулаш механизмини ишга тушириши мумкин. Бундан ташқари, қуёш панеллари тезда, йилига тахминан икки фоизга чирийди ва умуман олганда, хизмат қилиш муддати қисқа — тахминан 20 йил.

Ушбу босқичда дарёлар мавжуд бўлмаган узоқ аҳоли пунктларини электр энергияси билан таъминлаш учун кичик қурилмалар шаклида узлуксиз генерациядан самарали фойдаланиш мумкин. Агар бу ҳудудда дарёлар бўлса, у керак бўлмай қолади, чунки микро ва мини ГEСлар улардан самаралироқ ишлайди.

– Муқобил энергия манбаларининг афзалликлари ҳақида гапирар экан, мутахассислар кўпинча уларнинг камчиликлари борасида очиқ айтишмайди. Масалан, экологияга ўта зарарли бўлган шамол тегирмонлари ёки қуёш панелларини утилизация қилиш жуда мураккаблиги, улар бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган катта майдонларни эгаллаб туриши ҳақида лом-мим дейишмайди. Сизнингча, бу камчиликлар ҳақиқатан ҳам мавжудми ёки улар шунчаки алдамчли афсоналарми?

– Бу камчиликлар бор. Уларга қўшимча равишда яна бир нечтасини санаб ўтишим мумкин. Масалан, қуёш панелларини ишлаб чиқариш атроф-муҳитни кучли заҳарлар билан ифлослантираётганини кўпчилик билмайди.

Шунингдек, қуёш панеллари қишлоқ хўжалигига яроқли бўлган катта майдонларни қамраб олади. Уйларнинг томлари устидаги майдон етарли эмас: минг карра кўпроқ майдон талаб этилади. Ўзбекистон учун бу муаммо эмас, чунки қуёш панелларини чўлда ўрнатиш мумкин, бироқ, бошқа томондан, станциянинг ишлашини таъминлаш ва панелларни қумдан тозалаш харажатлари ортиб кетади.

Бугунги кунда Европада судлар инфратовуш ҳосил қилувчи, кўплаб қушларни нобуд қилувчи, руҳий касалликларга ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга олиб келадиган шамол тегирмонлари ҳақидаги фуқароларнинг ўн минглаб шикоятлари билан тўлиб-тошиб кетган.

– Ўзбекистонда, мана, бешинчи йилдирки, “Росатом” билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Сизнингча, бу бизнинг мамлакатимизга керакми, тайёргарлик даврининг бунчалик узоқ давом этишининг сабаби нимада?

– Билишимча, ҳозирда Россия томони билан АEС қурилиши лойиҳаси бўйича батафсил муҳокамалар олиб борилмоқда, чунки бундай жиддий объектни қуриш лойиҳа олдидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилишини талаб қилади.

Ўзбекистонга АEС жуда зарур. Атом электр станцияси электр энергиясини узлуксиз етказиб беришдан иборат бўлган асосий фойдасидан ташқари, минглаб жуда малакали иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшади. Ҳозирданоқ Россия олий ўқув юртларида атом ихтисослиги бўйича юзлаб талабалар таҳсил олмоқда, Ўзбекистонда Россиянинг бир қанча стратегик аҳамиятга эга олий ўқув юртларининг филиаллари очилган.

Иқтисодиётимиз учун яна бир ижобий жиҳати: Россия барча мамлакатларда АEСларни маҳаллий компанияларни жалб қилган ҳолда барпо этмоқда, бу эса қурилиш даврида қўшимча иш ўринлари яратилишига туртки беради. Бундан ташқари, у кўплаб рақобатчиларидан фарқли ўлароқ, ўз технологияларини, айниқса, қурилиш соҳасидаги технологияларни етказиб беради.

Шуни яхши тушуниш керакки, атом электр станцияси турли технологик соҳаларда, масалан, тиббиёт ва металлургия учун изотоплар ишлаб чиқаришда, умуман олганда, кўплаб турдош тармоқларда малакаларни ривожлантиришда кўплаб қўшимча имкониятларни яратади.

Қолаверса, мамлакатимиз уран ишлаб чиқарувчиси саналади, демакки, станция ўз ёқилғиси асосида ишлайди, бу жуда фойдали. Яна иссиқхона хўжаликларининг газ таъминоти билан боғлиқ сўнгги муаммолар фонида шуни таъкидлаш жоизки, АEСнинг қўшимча иссиқлик қуввати станция жойлашган ҳудудда барпо этиладиган иссиқхоналарни иссиқлик билан таъминлаш учун ишлатилиши мумкин.

— Яқинда Россия Марказий Осиё мамлакатларига умумий энергия ҳалқасини биргаликда қайта яратишни таклиф қилди. Собиқ Иттифоқ даврида мавжуд бўлган ушбу лойиҳани тиклаш керакми? У мамлакатимизга нима беради?

– Энергетик ҳалқалар жуда фойдали, чунки турли мамлакатларда истеъмол даражаси бир-биридан фарқ қилади, бунинг натижасида ортиқча электр энергияси бошқа давлатга ўтказилиши мумкин. Масалан, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимлари ўртасидаги алоқа эндиликда 300 МВт дан ортиқ қувватни ўзаро узатиш имконини беради. Акс ҳолда шундай қувватга эга электр станцияларини қуришимиз керак бўлар эди: бирини Қозоғистонда, иккинчисини Ўзбекистонда. Устига-устак ўзаро электр энергияси оқимлари фойдаланилмаган энергияни жуда арзон нархларда узатиш имконини беради, чунки у маълум соатларда ортиқча ҳисобланади.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирда Россия ва Қозоғистон ўртасида 60 дан ортиқ электр узатиш линиялари тортилган. Россия Федерациясида арзон энергия жуда кўп ва нархи шундай арзонки, бизга ўз электр станцияларимизни қургандан кўра, шу энергияни ундан сотиб олиш манфаатлироқ. Шу боис “Россия – Марказий Осиё” энергетик ҳалқасини барпо этиш минтақа давлатлари учун жуда фойдали лойиҳага айланади.

Бундан ташқари, Қозоғистон Экибастуз кўмир кони ҳисобидан электр энергияси генерациясини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Қозоғистонда электр энергиясининг ортиқча бўлиши мамлакатимиз учун жуда фойдали: бу Марказий Осиёда умумий энергия таъминотини оширади.

– Ўзбекистон Россия билан энергетика соҳасида қайси соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин? Углеводородларни сотишда муаммоларга дуч келаётган Россия Федерациясидан нефт, газ ва электр энергияси етказиб берилиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига ёрдам бера оладими?

– Юқорида айтганимдек, ягона энергия ҳалқасини яратиш Россия Федерациясидан электр энергиясини жуда арзон нархларда сотиб олиш имконини беради, бу эса маҳсулотимиз таннархига ижобий таъсир кўрсатади, келажакда қувватни ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратишга замин ҳозирлайди.

Қолаверса, ҳозирги пайтда Россия Федерацияси углеводородларни арзон нархларда сотаётгани ҳамда, масалан, Хитой ва Ҳиндистон уларни сотиб олаётганини ҳисобга олсак, балки вазиятдан фойдаланиб қолиш керакдир. Аммо бу қарорни бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг тегишли харид қилувчи ташкилотлари қабул қилиши керак.

– Йил бошидаги блекаут (энерготизим аварияси)ни ҳаммамиз эслаймиз. Бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўришимиз керак?

– Ушбу блекаут криптовалюта майнерларининг ускуналари билан бирга Хитойдан Қозоғистонга кўчирилиши сабаб юзага келган. Мазкур ускуна блекаутга қадар Қозоғистоннинг барча захира қувватларини майнинг учун ишлатиб бўлган эди. Кескин вазиятда захира қуввати етарли бўлмади ва Қозоғистоннинг бутун электр тармоғи қулади.

Ўзбекистондан Қозоғистонга электр энергияси оқимидан ҳам максимал даражада фойдаланилди, бу Ўзбекистонда ҳам қисман қийинчиликлар юзага келишига олиб келди. Қозоғистон ҳукумати ва Энергетика вазирлиги тўғри хулоса чиқарди, майнингнинг аксар қисми тақиқланди.

– Энергосамарадорлик ҳақидаги гаплар қулоғимизга тез-тез чалиниб туради, лекин гапдан нарига ўтилмайди. Сизнингча, бу жараённи бошлаш учун қандай қадамлар қўйилиши зарур?

– Уй-жойларни иситиш соҳасида давлат сиёсати зарур. Ўзбекистон ўз иситгич материалларини ишлаб чиқаради: пенопласт ва минерал момиқ. Уйларни шундай материаллар билан изоляциялаш қишда иситиш ва ёзда кондиционер харажатларини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Тежалган газ ва электр энергиясини экспорт қилиш ёки ривожлантириш учун фойдаланиш мумкин.

– Энергетикларимиз электр энергиясининг тез-тез узилишини эскирган инфратузилма билан боғлашади. Уни модернизация қилиш учун маблағ керак ва улар нархларни ошириш зарурлигини шу билан изоҳлашади. Сиз шундай ёндашувга қўшиласизми ёки тешик челакка қанча сув қуйсанг ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, дейдиганларни қўллаб-қувватлайсизми?

– Бу масалада мен энергетиклар тарафдориман. Ҳеч нарса қилиб бўлмайди, инфратузилма эскириб бормоқда ва уни янгилаш учун қўшимча харажатлар талаб этилади.

Ўзбекистонда энергетика соҳасида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд электр станцияларининг самарадорлиги ортиб бормоқда, инфратузилма доимий равишда янгиланмоқда, аммо келажакда инфратузилмани янгилаш харажатларини ошириш керак бўлади.