Январь ойида аномал совуқдан Ўзбекистон саноати қандай зарар кўрди?

Январь ойида аномал совуқдан Ўзбекистон саноати қандай зарар кўрди?

Январь ойида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ туфайли ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга қисқарди. Газ қазиб олиш 2022 йилнинг январига нисбатан 7,5 фоизга, газ конденсати — 9,1 фоизга, кўмир — 13,8 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш — 2 фоизга камайди.

Январь ойида Ўзбекистон корхоналари томонидан 33,6 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида айтилди.

Қиймат (0,7 трлн сўм) бироз ошганига қарамай, ишлаб чиқариш ҳажми 9,9 фоизга қисқарди. Таққослаш учун: 2022 йил январь ойида бу кўрсаткич 8,5 фоизга ўсганди. Энг катта пасайиш Андижон вилояти (-37,3%), Қорақалпоғистон (-32%), Қашқадарё (-19,6%) ва Сурхондарё (-18,9%) вилоятларида кузатилди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,7 фоизга камайди (2022 йил январь ойида 6,4 фоизга ўсиш кузатилганди).

Бу кўрсаткичларнинг ёмонлашиши январь ойидаги аномал совуқ об-ҳаво ва энергетика инқирози туфайли корхоналарда электр энергияси ва газ таъминотида узилишларга олиб келгани ортидан юзага келди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳам гапирганди. Жумладан, республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида (уларда 350 минг аҳоли банд) 7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Ҳисоб-китобга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача), деган эди президент.

Шу сабабли 3 февраль куни иқтисодиётдаги йўқотишларни қоплаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича фармон имзоланди. Унда аномал совуқда қийинчилик кўрган тадбиркорларга тўловлар бўйича кредит, солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар берилиши кераклиги белгиланди.

Энергия ресурслари

Январь ойида табиий газ қазиб олиш 350,3 млн куб метрга ёки 7,5 фоизга — 4,66 млрд куб метрдан 4,31 млрд куб метрга, газ конденсати ишлаб чиқариш эса 11 минг тоннага қисқариб (-9,1 фоиз) — 109,4 минг тоннагача тушди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, январь ойида табиий газ ва газ конденсати ишлаб чиқариш учинчи йилдирки, қисқариб бормоқда.

Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 135,7 млн кВт/соатга камайиб, 6,5 млрд кВт/соат (-2%)ни ташкил этди, иссиқлик энергияси эса 3,07 млн Гкал (-9%)га этди. Агар январь ойида иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш кетма-кет учинчи йилга камайган бўлса, бу ойда электр энергияси ишлаб чиқариш беш йил ичида биринчи марта камайди.

Кўмир қазиб олиш 66,6 минг тоннага камайиб, 415 минг тоннани (-13,8%) ташкил этди.

Бошқа энергия манбалари қаторида нефть қазиб олиш 2,7 минг тоннага кўпайиб — 64,5 минг тоннагача, дизель ёқилғиси — 17,1 фоизга, бензин — 42,7 фоизга ўсди.

Тўқимачилик саноати

Энергетика инқирози тўқимачилик саноатига ҳам таъсир қилди, гарчи 2019 йилдан бери фақат ўсиш кузатилаётган бўлса ҳам, ишлаб чиқариш 14,2% га камайди. Бу пасайиш нафақат ишлаб чиқариш ҳажмида, балки қиймат жиҳатидан ҳам — 4,5 трлн сўмдан 4 трлн сўмгача акс этди.

Пахтадан калава ишлаб чиқариш ҳажми 31 фоизга, пахта толаси 27,7 фоизга камайди.

Кончилик ва қайта ишлаш

Тоғ-кон саноатида (фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш, шу жумладан газ, нефть, кўмир, шунингдек уларни бирламчи қайта ишлаш ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш) январь ойида ишлаб чиқариш ҳажми 4,4 трлн сўмни ёки умумий саноат кўрсаткичининг 13,1 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, жисмоний жиҳатдан ишлаб чиқариш 4,4 фоизга камайди.

Ишлаб чиқариш таркибида энг катта улуш қайта ишлаш корхоналарига (дизель ёқилғиси, бензин, цемент, сариёғ, пишлоқ, творог ва бошқалар) тўғри келади — 75,8 фоиз, уларда 25,5 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, жисмоний ҳажм 11,5 фоизга камайди.

Акрил ёки винил полимерлар асосидаги бўёқ ва локлар ишлаб чиқариш ҳажми 166 тоннага тушди, бу ўтган йилнинг шу даврига (1250,9 тонна) нисбатан 7,5 баравар, портленд цементи — 581,7 дан 259,2 минг тоннагача камайди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми эса 8 фоизга камайди. Таққослаш учун, 2022 йил январь ойида ўсиш 2,2 фоизни ташкил этганди.

Автомобиль саноати

Январь ойида 3287 та автомобиль ишлаб чиқарилди, бу 2022 йил январига нисбатан 9010 донага кам. Бу ойда 3287 та Damas (-10%) ишлаб чиқарилди. Қолган моделлар декабрь ойида шартномалар тўхтатилгани сабабли ишлаб чиқарилмади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Юк машиналари ишлаб чиқариш 50 тадан 138 тага, автобуслар ишлаб чиқариш 1 тадан 22 тага кўпайди. Автомобиль двигателлари ишлаб чиқариш 7664 донага камайди. Шу билан бирга, аккумуляторлар ишлаб чиқариш 2,3 тага ошиб, 88,3 мингтага етди.