» » COVID-19 вируси кенг тарқалишининг Хитой табиий газ импортига таъсири. Марказий Осиё форс-мажорни ўз фойдасига ишлата оладими?

COVID-19 вируси кенг тарқалишининг Хитой табиий газ импортига таъсири. Марказий Осиё форс-мажорни ўз фойдасига ишлата оладими?


Central Asia’s Force Majeure Fears: Impact of COVID-19 Outbreak on China’s Natural Gas Supply Demands, by Maximilian Hess (Central Asia Fellow in the Eurasia Program at the Foreign Policy Research Institute). March 16, 2020

(қисқартирилган таржима)

COVID-19 вирусининг кенг тарқалиши Хитойнинг табиий газ истеъмолига бўлган эҳтиёжи пасайишига сабаб бўлди. Ваҳолонки, сўнгги йилларда ХХР ҳукумати энергетика ресурслари харидини ошириб бораётган эди. Аниқланишича, 2020 йил февралида Хитойда, табиий газга бўлган талаб, йиллик ҳисоб-китоб нуқтаи назаридан, 17 фоиз пасайган. Бу жаҳондаги табиий газ бозорига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин. Айни ҳол, айниқса, Хитойнинг табиий газга бўлган талабининг 17 фоизга яқинини биргаликда қоплаб бераётган Марказий Осиё мамлакатларига тегишли. 2019 йилда Хитой минтақадаги учта асосий газ етказиб берувчи мамлакат: Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 50 миллиард куб метр табиий газ импорт қилди. Мабодо талаб пасайиши чўзилиб кетадиган бўлса, бу ҳар йили Пекинни миллиардлаб куб метр табиий газ билан таъминлаб келаётган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиёти сезиларди даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Пекин келгуси бир неча ҳафта ва ой давомида табиий газ етказиб берувчи Марказий Осиё мамлакатларига қандай муносабатда бўлиши унинг минтақадаги узоқ муддатли стратегиясини белгилаб бериши кутилмоқда.

Хитойда сўнгги 15 йил ичида табиий газ истеъмоли жадал ошиб боргани ҳисобга олинса, шу пайтгача Осмоности мамлакатидаги газга бўлган эҳтиёжга доимий нарса сифатида қаралиб келгани кўзга ташланади. 2019 йилда импортнинг умумий ҳажми 9,6 фоиз ошди ва China National Petroleum Corp (CNPC) корпорацияси COVID-19 вируси кенг тарқалиб кетишидан олдин 2020 йилда табиий газга бўлган талаб 8,6 фоиз ўсишини башорат қилган эди. 2018 йилдаги табиий газ истеъмоли 2006 йил даражасидан 4 баробардан ошиқ баланд бўлди.

Бироқ коронавируснинг кенг тарқалиши Хитойда табиий газга талаб тушиб кетишига сабаб бўлди. Reuters ахборот агентлиги 5 мартда хабар қилишича, PetroChina табиий газ импортини етказиб берувчилар билан шартномаларда кўрсатилган форс-мажор ҳолатларни (“табиий офат тўғрисидаги банд”) баҳона қилиб, вақтинча тўхтатиб қўйган.

Марказий Осиё мамлакатларига таъсири

Пекин ва унинг Марказий Осиёдаги шериклари табиий етказиб бериш бўйича тузилган шартномалари тафсилотларини ҳеч кимга ошкор қилган эмас, шунинг учун нарх ҳосил бўлиш механизмлари ноаниқлигича қолмоқда. Шундай бўлса-да, Хитойнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талаби минтақа мамлакатларини бошқа жойлардан кўра Пекинга кўпроқ боғлаб қўйган кўринади. Бироқ Марказий Осиё мамлакатларининг Хитойга етказиб бераётган табиий газидан келаётган даромадга қарамлиги бир-биридан фарқ қилади.

Туркманистон шу масалада ҳаммадан кўра Хитойга кўпроқ қарамлиги шубҳасиз. Айни пайтда туркман гази фақат Хитойга экспорт қилинмоқда, бу йилига 30 миллиард куб метрни ташкил этади. Бу газни, асосан, “Туркмангаз” “Багтиярлик” лойиҳаси доирасида етказиб бермоқда. Лойиҳа юритувчиси Хитойга тегишли CNPC бўлиб, у Туркманистондаги конлардан газ қазиб олувчи ягона чет эл компаниясидир. Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг илк тармоғи ишга туширилган 10 йил олдин Ашхобод йилига 50 миллиард куб метр – деярли барча газини Россиягаэкспорт қилаётган эди. 2010 йили икки мамлакат ўртасида газ экспорти масаласида можаро келиб чиқди Ашхобод 2019 йилга келиб Россияга 4 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномага эга бўлди. Гарчи Ашхобод сўнгги ўн йилликда Россиядан узоқлашган бўлса-да, ҳали ҳам уни “стратегик шерик” деб ҳисоблайди. Айрим маълумотларга кўра, Туркманистон ўтган йили Афғонистон билан ўртадаги чегара хавфсизлигини таъминлаш учун Москвага ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу Туркманистоннинг Россия билан Хитой ўртасидаги мувозанатини жуда омонат қилиб қўяди. Пекин билан Москва, дунёнинг бошқа жойларидаги манфаатлари кўпинча ўзаро мос тушиши ҳисобга олинса, иттифоқчилар ҳисобланади, бироқ улар вақти-вақти билан Марказий Осиёда ўзаро рақобатга киришиб туради. Туркманистоннинг Хитойга иқтисодий қарамлиги мутлақ қарамлик даражасига етди, ўта уқувсизларча бошқарилаётган иқтисодиёт сўнгги йилларда тўхташ ҳолатига келиб қолди, шу сабабли Хитой Туркманистондан етказиб берилаётган газ таъминотига устувор аҳамият берса ажаб эмас.

Бу борада Ўзбекистон билан боғлиқ вазият бундан фарқ қилади. Мамлакат Хитойга, 2019 йил маълумотларига қараганда, Туркманистон табиий гази ҳажмининг 1/3 қисмига тенг, яъни 10 миллиард куб метр етказиб бермоқда. Яқин келгусида Ўзбекистон газ етказиб беришни кўпайтириш эҳтимоли кам. Юқорида номи зикр этилган Марказий Осиё – Хитой газ қувури 2018 йил охиридан бери тўла қувват билан ишламоқда. Шу билан бирга, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқ қурилиш, технология, энергетика, шунингек, нефть ва кимё саноати сингари соҳаларда кенгайиб бормоқда. Бунинг маъноси шуки, Ўзбекистоннинг Пекин билан иқтисодий муносабатлари, Туркманистонники билан солиштирганда, анча диверсификацияланган, шу сабабли Хитойда газга бўлгани талабнинг пасайиши билан боғлиқ тарзда юзага келадиган потенциал шокнинг таъсири унга кам бўлиши шубҳасиз. Хитойда иқтисодий ўсиш суръатининг сустлашуви инвестицияларга таъсир кўрсатиши мумкин, чунки Ўзбекистон иқтисодиёти очилиши натижасида улар жадал ўсаётган эди, қолаверса, Пекин ушбу мамлакатнинг энг йирик чет эллик сармоядори ҳисобланади. Лекин ундан кейинги ўринда Россия туради. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодай иттифоқига (ЕОИИ) тўлақонли аъзо бўлиб киришга даъвогарлик қилмасликка, фақат кузатувчи мақомини олишга қарор қилди ва бу Москванинг ҳафсаласини пир қилгани шубҳасиз. Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар Ўзбекистон бозорини кенгроқ доирадаги шериклар учун очиб берди ҳамда бу ҳол Тошкентнинг асосий чет эллик сармоядорларга қарамлигини камайтирди. Пекин учун Ўзбекистон газини импорт қилиш, Туркманистондан импорт қилишдан кўра серхаржроқ экани эҳтимолдан холи эмас. Ўзбекистон ўз тарафидан бевосита инвестициялар киритиш масаласига устувор аҳамият беришни мақбул деб билиши мумкин.

Бу Қозоғистонга ҳам тегишли, унинг давлатга қарашли “Қозтрансгаз” (KTG) газ энергетикаси ва транспорти компанияси Пекиндан 6 та форс-мажор баёнотини олди. Қозоғистон энергетика вазири Нурлан Нўғаев 11 мартдамаълум қилишича, “Хитой томони илтимосига кўра” газ таъминоти 20 – 25 фоиз пасайди. Қозоғистон иқтисодиётига нафақат Хитойга газ сотиш камайиши, қолаверса, нефть нархининг тушиб кетиши сабабли инқироз хавфи таҳдид қилиши мумкин. Қозоғистон бюджетига нефтнинг нархи бир баррел учун 57 доллар қилиб киритилган ва бу нефтнинг амалдаги бозор нархидан анча баланддир. Нефть нархини тушиб кетиши билан Қозоғистон пул бирлиги долларга нисбатан 400 тенгегача қадрсизланиши мумкин[1]. Мабодо нефть нархи узоқ давр мобайнида пастлигича қоладиган бўлса, Қозоғистон реал қийинчиликларга дуч келиши муқаррар. Ликвид – бозори чаққон резерлари ва қарздорлик даражаси паст Россиядан фарқли ўлароқ, Қозоғистоннинг “Самрук-Қазина” миллий фаровонлик фонди, асосан, ликвид бўлмаган активлар сақланадиган ҳолдинг компанияси ҳисобланади, бюджет тақчиллигини бартараф қилиш учун уларни тез орада сотиб юбориш қийин. Гарчи Қозоғистон Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси ўзаги бўлса-да, унинг давлат қарзлари, жумладан, Хитой олдида, нисбатан олганда, унчалик кўп эмас. Ҳозирги инқироз Пекиннинг ушбу мамлакатга бераётган қарзларини кўпайтиришига олиб келиши мумкин. У Тожикистон ва Қирғизистонда шундай узоқни кўзлаган сиёсат юритиб келмоқда.

Мужмал келажак

Мабодо коронавирус келтириб чиқарган инқироз чўзилиб кетса, Хитойнинг Марказий Осиё, Россия ва бошқа манбалардан табиий газ импортини қисқартиришни бараварлаштириши минтақа учун асосий омил бўлиб қолади. Марказий Осиёдан етказиб берилаётган газ ҳажмининг қисқариши минтақа мамлакатлари учун Пекин уларнинг иқтисодий фаровонлиги хусусида кам бош қотираётганини англатиши мумкин. Иқтисодий инқироз яна Россия билан Хитой ўртасидаги муносабатларни синовдан ўтказиши ҳамда улар Марказий Осиёда узоқ муддатли иттифоқчилар бўлиб қола оладими ёки тутган мавқеи қутблашадими, деган саволга жавоб бериши мумкин. Ҳозирча Пекин учун Марказий Осиё гази Россия газидан кўра анча муҳим. Хитой билан Россиянинг асосий қўшма лойиҳаси бўлмиш “Сила Сибири” газ қувури 2019 йил декабрида ишга туширилган эди; ҳозирча у орқали 5 миллиард, 2025 йилга бориб эса 38 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши керак.

“Коммерсант” газетаси қайд этишичагаз қувури ётқизиш бўйича «Газпром-КННК» шартномасининг “оласан ёки пулини тўлайсан” банди мавжуд, яъни Хитой тарафи йил охирига қадар шартномада кўрсатилган газ ҳажмининг 85 фоиздан кам бўлмаган қисмини олиши ёки жарима тўлаши керак. Мабодо Пекин келгусида Россия гази импортини тўхтатса, Москва ушбу бандни қўллаш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Бироқ етказиб берилаётган табиий газ ҳажми нисбатан камлигини ҳисобга олиб, Москва бундан тийилиши ва Россия билан Хитой муносабатларини кескинлаштиришга таваккал қилмаслиги эҳтимоли кўпроқ.

Хитойнинг Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан тузилган шартномаларида харидни мажбурий қилиб қўядиган шунга ўхшаш шартлар бор-йўқлиги аниқ эмас. Бироқ бундай банд бўлган тақдирда ҳам ушбу уч мамлакат билан Пекин ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий дисбаланс – номутаносиблик сабаб уни ҳаракатга келтириш қийин бўлади. Туркманистон 2010 йилда “оласан ёки пулини тўлайсан” принципи бўйича тўлов талаб қилган бўлса-да, “Газпром”дан товон пули ундира олмади. Мамлакатнинг жуғрофий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан заифлиги сабабли даъводан воз кечишдан бошқа чора қолмади. Мабодо Хитой билан табиий газ етказиб берувчилар ўртасида ихтилоф вужудга келадиган бўлса, барча кузир карталар Пекиннинг қўлидадир. Марказий Осиёнинг табиий газ экспорт қилувчи мамлакатлари фақат Пекин икки томонлама муносабатларни суюлтирилган табиий газ (СТГ) импортидан устун қўйишигагина умид қилиши мумкин, чунки инқироз давом этадиган бўлса, СТГ таъминоти ортиши турган гап.

Сурат манбаси: reuters.com

Манба: Uzanalitics.com

скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
Исмингиз: *
Е-mail: *
Код: Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Кодни киритинг:

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

19:13
Мирзачўл туманида “туманбай”, “секторбай”, “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимини ташкил этиш бўйича намунавий семинар ўтказилди
18:39
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг йигирма иккинчи сессиясида ўн битта масала кўрилди
16:47
Жиззахда “Маҳаллабай” юриш натижасида 1 кунда 721 та мурожаат қабул қилинди
08:52
Бу - сиёсатимизга хиёнат — Шавкат Мирзиёев айрим раҳбарлар фаолияти ҳақида гапирди
08:51
Ижтимоий тармоқда шов-шув бўлган 108 ёшли опасини кўргани борган 105 ёшли наманганлик отахон Яссавий авлодидан экан
08:50
Ҳазил туфайли 19 ёшли фуқаро 16 ёшли вояга етмаган шахсни пичоқлади
08:49
Коронавируснинг "британча" штамми аниқланган Ўзбекистондаги илк беморнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
16:44
Ўйин: Сен баҳорни соғинмадингми?
16:24
Расмий муносабат
16:23
СОДИҚ САФОЕВНИНГ ТАКЛИФИ КУЛГИЛИМИ?
16:18
Фарғона туманида “Ласетти” ва “Матиз” тўқнашди. Қурбонлар бор
16:16
Ўзбекистон январь ойида қанча тўқимачилик маҳсулоти экспорт қилган?
16:15
Хитойда оила «ортиқча» болалари учун катта миқдорда жаримага тортилди
16:14
Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан нималар ўзгаради?
16:11
Зарбдор туманида Қўриқлаш хизмати ходимлари ёшларга кураш бўйича машғулот ўтказишди
15:00
ДХА 27 февраль куни "маҳаллабай" тизимда сайёр хизмат кўрсатади
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР