«Ўздонмаҳсулот» ойни этак билан ёпмоқчими?

«Ўздонмаҳсулот» ойни этак билан ёпмоқчими?

Ўтган ҳафта «Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик компанияси фаолияти, эришаётган ютуқлари-ю тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги баландпарвоз  мақола бир кунда иккита сайтда эълон қилинди. Хўш, нима бўпти, дерсиз? «Бердиси»ни эшитинг-да.

Компания мутасаддиларининг шошилинч журналист ёллаб, ошириб-тошириб мақола ёздириб, «соққасини бериб бўлсаям» (мақолаларнинг бири «реклама ҳуқуқи» асосида берилган, яъниким, Иван Васильевич айтганидек: «пули тўланган») етакчи сайтларда чиқаришининг сабаби бор.

Гап шундаки, сайтимизда тадқиқотчи М. Эргашевнинг «Калтакни фермер, ҳолвани «Ўздонмаҳсулот» еяверадими?» сарлавҳали мақоласи чоп этилганди. Унда фермерларнинг ҳуқуқини чеклаш оддий ҳолга айланаётгани, ер майдонини ижарага беришдан тортиб, етиштирган маҳсулотигача (ғалла мисолида) нарх белгилаш, давлатга сотишда эрки ўзгалар қўлларида бўлиб, амалда ёлланма ишчига айланиб қолгани оғриқ билан баён этилганди. Энг ёмони, давлат эҳтиёжлари учун етиштириладиган бошоқли дон маҳсулотлари бўйича давлатнинг тижорий агенти бўлган «Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик компанияси (ДАК) ва унинг тизимидаги суиистеъмолчиликлар касофати фермерларга ҳам ураётгани ҳам алоҳида қайд этиб ўтилганди.

Компаниянинг «пулини тўлаб бўлса ҳам» иккита сайтда чиқиш қилиши «еган шапалоққа» шўрпахта излаётган одамни эслатади.  Буни «Ўздонмаҳсулот» кўкларга кўтарилган мақоладаги қуйидаги жумлалар яққол айтиб турибди: «Баъзан айрим муаллифларнинг интернетдаги веб-саҳифалар ва ижтимоий тармоқларда ўзини гўёки фермер хўжаликларининг жонкуяри сифатида тақдим этишга уриниб, бот-бот «шартномавий қарамлик», маҳсулот нархини белгилашдаги «муаммо»лар ҳақида жар солинган мақола ва постларига кўзимиз тушади. Муайян масалага ечим излаганда албатта унинг моҳиятини чуқур англаш талаб этилади. Айниқса, бирор соҳани яқиндан ўрганмай туриб, аҳамияти ва вазифасини тушуниб етмасдан унинг фаолиятини фақат бирёқлама, нохолис баҳолаш адолат мезонларига тўғри келмайди».

Компаниянинг «адолат мезони» қандай — бу алоҳида мавзу. Сайтимизда чиққан мақола муаллифи  ёлланма журналист эмас, балки тадқиқотчи. Мавзу бўйича ҳар битта ҳолатни чуқур ўрганиб, асосли ва мантиқли мулоҳаза юритганини инкор этиш инсофсизликдан бошқа нарса эмас. Унинг компания фаолияти ҳақидаги фикрларини «фақат бир ёқлама», «нохолис» деган одам шунга яраша факт келтириши керак.

Иккинчидан, агар «Ўздонмаҳсулот» мутасаддиларининг пайтавасига қурт туширган мақола ростдан ҳам «нохолис» ва «бир томонлама» бўлса, нега очиқдан-очиқ раддия бермай «беркинмачоқ» ўйналди? Қани мантиқ?

Энг қизиғи, сайтимиздаги мақолада қаламга олинган фактларни инкор этувчи далил йўқ даражада. Асосий урғу бу йил фермер хўжаликлари 1,2 млн. гектар ер майдонига уруғлик дон қадашгани-ю, бу иш «Ўздонмаҳсулот»  тизими корхоналари томонидан аванс тариқасида, кейин тўлаб бериш шарти билан уларга тарқатилган 316,1 минг тонна уруғлик дон ҳисобига амалга оширилганига берилади. Бироқ уруғлик донининг нави, энг муҳими, неча пулдан тарқатилгани ҳақида лом-лим дейилмайди. Майли, гап бундаям эмас, аслида. Мақолада асосий эътибор  «Ўздонмаҳсулот» компанияси тизимида суистеъмолчиликлар оддий ҳолга айланганига берилганди.

Эътибор беринг:  2017—2019 йиллар ва 2020 йилнинг саккиз ойида «Ўздонмаҳсулот» ДАК ва унинг қуйи тизимидаги мансабдор шахсларига нисбатан 93 та жиноят иши қўзғатилиб, шундан 78 таси  бўйича  175 нафар мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.

«Ўздонмаҳсулот»ни осмонлар олиб чиққан ҳамкасбимиз инкор этиб бўлмас айни фактлар баланпарвоз гаплар билан сийпалашга уринганига нима дейсиз? Яъниким, шахсий бойлик орттириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайдиган нопок кимсалар барча соҳада ҳам учраб тураркан. «Компания тизимдаги айрим корхоналар ҳам бундан мустасно эмас», дейди муаллиф. Нафақат «мустасно эмас», балки тизимда суиистеъмолчилик йўқолиши етти қовун пишиғи бордай. Рост-да, «Ўздонмаҳсулот» таркибига кирадиган корхоналар сони 40 танинг нари-берисида. Шу корхоналарнинг 175 нафар раҳбар ходимлари жиноий жавобгарликка тортилгани инобатга олинса, тизим таркибидаги корхоналарнинг жиноятга қўл урмаган мансабдори борми ўзи, деган ҳақли савол туғилади.

Уёғини сўрасангиз, қўзғатилган 93 та жиноят ишининг 78 таси бўйича суд ҳукми чиқарилган. Шунинг ўзидаёқ 175 нафар мансабдор шахс жазо олмоқда (уларга қандай жазо тайинлангани ҳам алоҳида мавзу). Яна 15 та  (93-78=15) жиноят иши бўйича ҳали суд ҳукм чиқармагани назарда тутилса, жиноий жавобгарликка тортилган сони янаям кўпайиши эҳтимоли катта. Йил охирига бориб, тизимдаги корхоналар яна элакдан ўтказилиши, айни жараёнда яна кўпдан кўп ўмаришлар, суиистеъмолчиликлар аниқланиши эҳтимоли паст эмас, бу ҳақда вақти-соати келганда мавзуга яна қайтармиз, насиб...

Гапираман десак гап, ёзаман десак тизимда муаммолар тиқилиб ётибди. Минг азобда ғалла етиштириб, дон корхоналарига топширган фермерлар пулини ололмай юрганининг ўзи катта муаммо. Дон корхоналарига раҳбар бўлиб тайинганларнинг 90 фоизидан кўпроғи алал-оқибат жиноий жавобгарликка тортилиши, шунга қарамай, бунақа мансабнинг харидорлари кўп экани, бунинг туб сабаб ва оқибатлари ҳақида гапиришнинг ўзи оғриқли. Гапнинг пўст калласини айтсак, фермернинг қадоқ қўли ва кўпгина дон корхоналари раҳбарларининг қаппайган қорни ҳақиқий манзарани кўрсатиб тураверади...