2021 йилда газ ва электр энергияси истеъмоли учун тарифлар оширилмайди

2021 йилда газ ва электр энергияси истеъмоли учун тарифлар оширилмайди

2021 йилда газ ва электр энергияси истеъмоли учун тарифлар ҳамда солиқ тўловлари оширилмайди.

Мазкур норма «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилган бўлиб, қонун лойиҳаси бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ялпи мажлисда иштирок этган бош вазир Абдулла Арипов ҳам қонун лойиҳасига киритилган ушбу норма фуқароларга енгиллик яратиш ва пандемия даврида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтган.

  • Маълумот учун, Ўзбекистонда табиий газ ва электр энергияси тарифлари сўнгги бор ўтган йилнинг 15 августида ошган эди. Дастлаб нархларни 2019 йилнинг 1 июнидан ошириш режалаштирилган, бироқ муддат кечиктирилганди.
  • 2019 йил 15 августидан эса аҳолига етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг баҳоси ҳисоблагич бўлганда 380 сўм этиб белгиланди. Ҳисоблагич бўлмаганда овқат пишириш ёки совуқ сувни иситиш учун ишлатиладиган газнинг нархи 660 сўм, хонани иситиш учун эса 380 сўм этиб белгилаганди.
  • Шунингдек, маиший истеъмолчилар учун 1 кВт·с электр энергияси нархи 250 сўмдан 295 сўмга оширилган, бошқа тоифадаги истеъмолчилар учун 450 сўм этиб белгиланганди.